Долзарб мавзулар Фото

“Чирчиқ” полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийларининг ҳамкорликдаги “Қалқон – 2019” тактик машқлари бошланди

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 10.09.2019, 19:14

Республикамиз ҳукумати томонидан минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда чет давлатлар билан қўшма ўқув машғулотлари мунтазам ўтказилмоқда. Тошкент ҳарбий округидаги дала-ўқув майдонида бошланган Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари Мудофаа идоралари ҳамкорлигидаги «Қалқон – 2019» махсус-тактик ўқувлари шулар жумласидандир.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор П.Эргашев ва Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги масъул офицери полковник Ж.Жантасов иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожланишнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Икки мамлакат Президентларининг жорий йил апрель ойидаги учрашуви, хусусан, ҳамкорликлар қамровининг кенгайиши фикримизни тасдиқлайди.

Мудофаа идоралари ўртасидаги мазкур ўқувлар дўстона ва ўзаро ишончли муносабатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳамкорликдаги машғулотлар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар салоҳияти, перофессионал билимлари, халқаро терроризмга қарши ҳамкорликда курашишдаги маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ўтказилаётганлигини таъкидлади.

«Қалқон – 2019» ўқувлари давомида ҳарбий авиация кучлари, жанговар зирҳли техникалар қўлланилиши, десантлаштириш жараёнлари, кундузги ва тунги шароитларда ўқ отиш машқлари каби қатор машғулотлар ўтказилади.

Халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасидаги махсус-тактик тадбирлар 14 сентябрга қадар давом этиши режалаштирилган.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии