Му5
48

ИИВ Малака ошириш институти ва Инха университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

ЖАМИЯТ 10.09.2019, 19:19
336
ИИВ Малака ошириш институти ва Инха университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

Шу йилнинг 10 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Инха университетида мазкур таълим муассасаси билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Меморандумга кўра, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг ўқув дастурларини, ўқув-методик ва норматив материалларини ишлаб чиқишда, таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этишда, инновацион ва технологик ғояларни ривожлантиришда, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қилиш белгиланди.

– Ўрнатилаётган ҳамкорлик йўналишлари кенг қирралидир,
– дейди Тошкент шаҳридаги Инха университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Музаффар Джалалов. – Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда ахборот-коммуникация технологияларига оид ўқув дастурларини, ўқув-методик материалларини ишлаб чиқишда, таълим жараёнига инновацион технологияларни, масофавий (электрон) таълим шаклини кенг жорий этиш ишлари ҳамкорликда амалга оширилади. Бундан ташқари, математик моделлаштириш, алгоритмлаш ва криптография соҳаларида, компьютер ва дастурий инжиниринг йўналишларида замонавий ўқув адабиётлари, ўқув-услубий материалларни тайёрлаш, уларнинг мультимедиали авлодларини яратиш, ўқув, илмий, техник ва бошқа адабиётлар фондини, шунингдек глобаль ахборот ва таълим ресурсларини мунтазам янгилаб борилади.

– Тошкент шаҳридаги Инха университети билан ҳамкорлик, айниқса, биз учун долзарб аҳамиятга, – дейди ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Нарматов. – Чунончи, бугунги кунда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий этишни ички ишлар органлари ходимларига ўргатиш шиддат билан ривожланаётган давр талаби бўлиб ҳисобланади. Қолаверса, кибержиноятчилик ва бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали содир этиладиган жиноятларни олдини олиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида тизим ходимларининг билим ва малакаларини оширишда ушбу нуфузли олий ўқув юртининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш кўзланган натижага эришишга хизмат қилади. Келгусида биз янги дастурий таъминотларни ишлаб чиқишда, техник-технологик ишланмалардан жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш йўналишларида ҳам ҳамкорликни амалга оширамиз.

Мазкур таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг тараққиётига мос ҳолда ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, уларнинг замонавий талаблар асосида касбий кўникмалари ва лаёқатларини ривожлантириб боришга ижобий таъсир кўрсатади.

Таълим муассасалари раҳбарлари келгусида меморандумда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

Шарҳлар