41

Бухорода ичимлик суви муаммоси бартараф этилади

ЖАМИЯТ 17.09.2019, 13:30
225
Бухорода ичимлик суви муаммоси бартараф этилади

Статистик маълумотларга назар солсак, айни кунда Бухоро вилоятида истиқомат қилаётган аҳолининг 1 миллиондан сал ошиғи ёки 53 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига таяниб xs.uz сайти хабар берди.

Қолган аҳоли эса муқобил тарзда, яъни сувни ташиб келтириб истеъмол қилмоқда. Марказлашган дедик: “Қуйимозор сув омбори”, “Зарафшон” сув иншооти тармоғи орқали “Жўйизар” канали, “Аму Қоракўл” сув иншооти тармоғи, Самарқанд-Бухоро-“Дамхўжа” минтақалараро магистрал сув қувури, қолаверса, чекка туманларда артезиан ерости сув иншоотлари ана шу эҳтиёжни имкон қадар қопламоқда. Аммо бу етарли эмас.

Талаб ва эҳтиёжнинг ошиб бораётганини инобатга олиб, биргина 2019 йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қатор лойиҳалар амалиётга тадбиқ этилмоқда. Жумладан, вилоятдаги 44 та объектда узунлиги 328 километр сув тармоғи тортиш, 19 та сув иншоотини қуриш ва капитал реконструкция қилишга киришилди. Бу ишларга 119 миллиард 14 миллион сўм маблағ молиялаштирилди.

Давлат инвестиция дастури доирасида 11 та объектда узунлиги 55,7 километр сув тармоғи ҳамда 7 та сув иншоотини қуриш ва капитал таъмирдан чиқаришга 33,7 миллиард сўм сармоя ажратилди. Вилоятнинг шаҳар ва туманларида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари асосида 33 та аҳоли пунктини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадларига 85 миллиард 44 миллион сўм маблағ ўзлаштирилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳудудларда 327 километрга сув тармоқлари тортилиб, 13 та сув иншооти босқичма-босқич реконструкция қилинмоқда. Ҳудудлар миқёсида олсак, ҳозирда 300 мингдан ортиқ аҳолига эга Олот ва Қоракўл туманларида истеъмолга яроқли сувнинг қадри ҳам, нархи ҳам ниҳоятда баланд. Иқлим шароити мураккаб ва тупроқ шўрланиш даражаси юқори бўлган бу икки тумандаги аҳвол атрофлича ўрганиб чиқилиб, айни кунда 139 миллион АҚШ долларига тенг қийматдаги махсус лойиҳа ишлаб чиқилган. Бу лойиҳани амалга оширишда Жаҳон банки билан ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Шерик томон бу ишга 82 миллион АҚШ доллари сармоя киритди. Қолган 57 миллион АҚШ доллари эса Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши кўзда тутилган. Эътиборли жиҳати, 2013-2020 йилларга мўлжалланган лойиҳа бўйича ҳудудда 37 та сув олиш минораси қурилади. Бир кеча-кундузда 50 минг метр куб сув етказиб бериш қувватига эга “Двойник” сув олиш иншооти капитал реконструкция қилиниб, умумий узунлиги 1800 километр масофага сув қувурлари тортилиб, 41 та сув тарқатиш иншооти барпо этилади. Жорий йил якунигача икки туманда умумий 240 километрга сув тармоғини ўрнатиш, 12 та сув тарқатиш минорасини қуриш каби кўламдор ишларга қиймати 19,8 миллион АҚШ долларига тенг маблағ сарфланмоқда.

Соҳада олиб борилаётган тизимли ишларда Жаҳон банкининг молиявий мадади кенгайиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, бу нуфузли молия муассасаси 105 миллион АҚШ доллар маблағини “Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари канализация тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш” лойиҳасига тиккан. Географик жиҳатдан каттагина ҳудудни эгаллаган лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга оширишга 2011 йилдан киришилган эди. Бухоро шаҳридаги 3 та оқава сув насос станциясини капитал реконструкция қилиш, суткасига 100 минг метр куб оқава сувни тозалаш қувватига эга иншоотни соз ҳолга келтириш, 61 километрли сув қувурини янгисига алмаштириш ишлари 2020 йилда тўлиқ битказилиши керак ва бу лойиҳага 44,9 миллион АҚШ доллари ажратилган.

Бундан ташқари, шу йил охиригача 12,4 миллион АҚШ доллари ҳисобидан 32,5 километрдаги оқава сув қувурини реконструкция қилиш ва 5 та сув тозалаш насос станциясини реконструкция қилинади. Худди шундай муаммо айни пайтда Когон шаҳрида аҳолисини ҳам қийнаб келмоқда. Жаҳон банки талаблари асосида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тендер танлови асосида пудрат корхонани танлаш ва келгуси йил март ойига қадар амалий ишга ўтиш тараддуди кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 29-30 март кунлари вилоятимизга амалга оширган ташрифи ҳамда фаоллар билан ўтказилган йиғилишда вилоят аҳолисининг 46 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаганлиги, канализация тармоқлари носоз, қониқарсиз аҳволдалиги, қолаверса, 5 минг километрдан ошиқ ички автомобил йўли таъмирталаблиги алоҳида таъкидлангани ҳолда бу ишлар учун 1 миллиард 300 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратилганди. Ана шу ташриф туфайли Осиё инфратузилмаси инвестиция банки ҳамда бошқа халқаро молия муассасаларини жалб қилган ҳолда Бухоро вилоятида тоза ичимлик суви ҳамда оқава сув иншоотларини мукаммал таъмирлаш ва қуриш билан боғлиқ қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Умумий қиймати 626 миллион АҚШ долларига тенг бу ишлар 2019-2022 йилларда амалга оширилиши белгиланган. Алоҳида ўрганишлардан маълум бўлишича, бу сармоянинг 465,9 миллион доллари вилоятда тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш, 160,2 миллион доллари эса оқава сувларни бартараф этиш мақсадларига мўлжалланган.

Шу нуқтаи назардан, Ибн Сино, “Зарафшон” сув олиш, қолаверса, “Шоҳруд” сув тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ва қувватларини ошириш ҳисобидан Бухоро ва Когон шаҳарлари, шунингдек, Бухоро, Когон, Ромитан, Жондор, Пешкў ва ҳатто Қоровулбозор туманларининг жами 920 мингдан ортиқ аҳолисига тоза ичимлик сувини етказиб бериш имкони туғилади. Айни кезда бу гигант лойиҳа қийматии 327 миллион АҚШ долларига баҳоланган.

Бошқа ҳудудда, яъни Ғиждувон, Шофиркон, Пешкў туманлари аҳолиси талабларини қондириш мақсадида “Дуоба” ҳудуди, “Кўкча” ерости сув манбалари орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қиймати 57 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа шарофатидан 150 мингдан ортиқ аҳолининг истеъмолга яроқли “оби ҳаёт”га бўлган эҳтиёжи қондирилади.

Яқин йилларда вилоятни тоза ичимлик суви билан таъминлашда беқиёс ҳиссаси қўшилаётган “Дамхўжа” магистрал сув қувури тармоғининг қувватлари янада оширилади. Бу борада қарийб 90 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа эвазига Ромитан, Пешкў, Шофиркон, Вобкент, Ғиждувон туманларининг каттагина қисми, аксарияти шимолий-шарқий ҳудудидаги аҳолининг тоза ичимлик суви муаммоси кун тартибидан олинади.

Бундан ташқари, оқава сувларини бартараф этишда Ғиждувон, Ромитан, Олот, Қоракўл, Қоровулбозор туманлари учун алоҳида, Шофиркон, Пешкў, Вобкент, Бухоро, Жондор, Когон туманлари учун бошқа лойиҳалар ишлаб чиқилди. Келгуси икки йилда тўла-тўкис амалга ошириладиган бу ишлар учун умумий қиймати 160 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя ажратилган.

Айтиш мумкинки, айни кунда қатор объектларда бошланган ишлар якунланиб, сув иншоотлари бирин-кетин фойдаланишга топширилмоқда. Шофиркон туманида “Зарчабек”, “Шўробод”, “Арабхона”, “Искогаре” сув олиш иншоотлари янгидан барпо этилиб, ишга туширилгани мамлакатимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги кунларида катта тантана қилинди.

Худди шундай, Вобкентда “Роҳкент” сув иншоотининг ишга туширилиши шу ерлик аҳоли учун чинакам байрам туҳфаси бўлди. Вилоятнинг бошқа қатор туманларида ҳам кенг кўламдаги мукаммал таъмирлаш, модернизация қилиш ва замонавий фильтрлаш ускуналарини ўрнатиш орқали ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ишлари қизғин давом эттирилмоқда. Жорий йил якунига қадар деярли барча туманда юқоридаги каби иншоотлар фойдаланишга топширилади.

Бир сўз билан айтганда, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талаб ва эҳтиёжи шу йилнинг ўзида бултургига нисбатан икки бароварга қондирилади.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+9° туман
Курсы валют
9455.24
USD 21.9
10438.58
EUR 84.55
147.25
RUB 1.5
rightuz