41

​Иссиқкўлнинг иссиқ қучоғида...

ДУНЁ 17.09.2019, 18:41
444
​Иссиқкўлнинг иссиқ қучоғида...

Бир гуруҳ ўзбек журналистларининг сафари эсда қоларли кечди...

Яқинда қароргоҳи Женева (Швейцария)да жойлашган – Japan Tobacco International халқаро компанияси ташаббуси билан бир гуруҳ ўзбекистондик журналистларнинг қўшни Қирғизистонга саёҳати ташкил қилинди.

Маълумот учун: JTI – акциз ости махсулотлари ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда учинчи ўринни эгаллайди ва унинг маҳсулотлари 120 мамлакатда сотилади. 2015 йилда ўз фаолиятини бошлаган Tashkent Tobacco фабрикасига 2017 йилда JTI жиҳозлар ва акциз ости маҳсулотлари маркасини ишлаб чиқариш хуқуқини берди.

Ушбу компания илк бор ўз маҳсулотларини Қирғизистонга экспорт қилди. Бу жараён ОАВ вакиллари иштирокида амалга оширилди. Аввалига ОАВ ходимлари дастхат қўйган, қадоқланган маҳсулот машиналарда экспортга жўнатилди. Орадан кўп ўтмай журналистлар ҳам юк ортидан Қирғизистонга етиб бордилар. Маҳсулотларнинг Чолпон ота туманидаги савдо расталарига чиқарилишига бағишланган тадбир Иссиқкўлнинг “Карвен” дам олиш мажмуасида бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган JTIнинг Қозоғистон ва Марказий Осиё бўйича бош директори Евгений Никольский Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва иқтисодий имконияти ошиб бораётгани, бу эса, ўз навбатида Ўзбекистон махсулотларини Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилиш имконини беришини таъкидлади.

Шу тариқа, акциз ости махсулотларини Иссиқкўлга илк экспорти баҳонасида қўшни давлатга бориш насиб қилди. Аммо тарихда Пишпек, Фрунзе ва ниҳоят Бишкек номи билан танилган шаҳарга кира олмадик. Аэропортдан тўғри Иссиқкўлга олиб кетишди. Оқшом тушгани учун атрофни томоша қила олмадик. Аммо қайтишда табиат гўзалликларидан баҳра олдим. Тоғнинг қоқ ўртасидан ўтган дара иккита водийни бир бири билан боғлаб турибди. Чунки мана шу дара бўлмаганда тоғнинг бу томонидан у томонига ўтиш мураккаб бўларди. Қиёслаш учун: Қамчиқ довонини келтиришимиз мумкин. Қамчиқда баландликка чиқаётганингиз ва пастга тушаётганингиз билинади. Аммо Қирғизистонда буни асло билмайсиз. “Тўғри ва текис йўлдан кетаётирман” дея ўйлайсиз, йўлларига гап йўқ.

Иссиқкўл – Қирғизистоннинг фахри. Бунга тан бердим. Балиқчи ва Чолпон ота Қирғизистон меъёрлари бўйича шаҳар, аммо Ўзбекистон меъёри бўйича туман маркази дея қабул қилиниши мумкин. Чирчиқ ёки Янгийўл Балиқчи ва Чолпонотадан сал каттароқ дея ўйладим.

Биз “Карвен” дам олиш мажмуасига жойлашдик. Нақ Швейцариянинг ўзи. Менда катта таассурот қолдиргани — ҳар қадамда чиқинди ташлайдиган қутиларнинг мавжудлиги. Шу жиҳати билан Европа шаҳарча ва посёлкаларини ёдга туширади.

Табиати сўлим. Ям-яшил ўтлоқлари, осмонўпар тоғлари кишини ёшартириб юборади.

Халқимизда “қайси бир халқни яшаш тарзини билмоқчи бўлсанг бозори ва мозорига бор” деган гап бор. Бозорлари тўкин сочин, бизга нисбатан арзон. Интернет тезлиги ва нархининг таърифига гап йўқ.Қабристонлари катта йўл четида. Ҳар қадамда учратиш мумкин. Бир қишлоққа уч-тўртта қабристон тўғри келадими, дея ўйланиб қолдим. Бу ҳам рамзий маъно касб этади. Инсонларни (айниқса ҳайдовчиларни) огоҳликка чорлаб туради.

Яна бир мени ҳайратга солган жиҳати- Ўзбекистонда жийдазорлар ҳақида эшитмаганман (балки бордир, бўлса узр). Иссиқкўлдан Бишкек томон келар эканмиз шаҳарга яқинлашганимизда жийдозорга кўзим тушди. Жийда минг дардга даво. Тўғри жаҳоннинг йирик бозор ёки супермакетларида жийда сотилмас. Аммо Марказий Осиё бозорларида жийдани учратиш мумкин. Тан олиб айтиш керак жийдага ўзимизда ҳам талаб юқори эмас. Шунга қарамай Бишкек яқинида жийдазорни кўриб хурсандлигимни яшира олмадим. Чунки мен ўзбекларнинг аньанавий мевали дарахтларини яхши кўраман. Японлар сакура гуллашидан завқ олиб, бу завқни бутун дунёга улашаётган бир пайтда биз нима учун жийда гуллашидан фахр туйғусини ҳис қилмаслигимиз керак?!. Ахир жийда гулини ҳидлашнинг ўзи барча чарчоқларни тарқатиб юбориши аниқ-ку!

Умуман олганда Қирғизистондан ўрганадиган жиҳатларимиз бор экан, деган хулосага келдим.

Шарофиддин Тўлаганов

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+9° туман
Курсы валют
9455.24
USD 21.9
10438.58
EUR 84.55
147.25
RUB 1.5
rightuz