42

Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх: “Хайрия фондимни отамнинг шарафига “Абдулло” деб номлаганман”

ЖАМИЯТ 18.09.2019, 09:40
813
Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх: “Хайрия фондимни отамнинг шарафига “Абдулло” деб номлаганман”

Буюк Британия парламенти Лордлар палатасининг Консерватив партияси аъзоси, лорд Муҳаммад Илтаф Шайх ва унинг ўзбекистонлик рафиқаси Гули Хоним Шайх август ойида юртимизда ўтказилган бир қатор тадбирларда иштирок этиш учун ташриф буюришди. Улар билан таассуротларини ўртоқлашиш ва англиялик инвесторларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан суҳбатлашиш мақсадида учрашдик.

– Хуш келибсиз Ўзбекистонга, лорд жаноблари!

– Раҳмат! Хушвақт бўлинг.Яна бир бор Ўзбекистонга келиш насиб этганидан хурсандман.

– Юртимизда ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва Ўзбекистон Респуб­ликаси Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимда иштирок этдингиз. Таассуротларингиз билан бўлишсангиз.

– Ҳа, Юртингизда август ойида ўтказилган бир қанча катта маданий тадбирларда иштирок этдим. Тадбирларда27 давлатдан келган меҳмонлар билан учрашдим. Бундан кўринадики, дунёнинг 27 давлати Ўзбекистон ҳақида яхши фикрга эга. Ўйлайманки, улар бежизга келмаган. Бу Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида қанчалик ҳурматга сазовор эканини билдиради. Турли миллат вакилларининг юқори мартабали меҳмонлари билан суҳбатлашиш жараёнида шунга яна бир бор амин бўлдим.

– Юртимизга бир неча бор ташриф буюрган, ташқаридан кузатаётган сиёсатчи, тадбиркор сифатида ҳозир Ўзбекистон имиджи қай даражада деб ҳисоблайсиз? Мамлакат имиджини ошириш учун дунёда қандай ишлар олиб борилади?

– Ўзбекистоннинг тарихи жуда бой. Чунки бу ерда дунё илму маърифатига улкан ҳисса қўшган уламолар етишиб чиққан.Ҳозир Ўзбекистон тўғри йўлдан кетяпти деб ўйлайман. Бу ерга бешинчи марта келишим ва ҳар келганимда яққол ўзгаришлар эътиборимни тортяпти. Шу даражада тез ривожланаётганига қараб, Ўзбекистонни Дубайга ўхшатиш мумкин.

Британия сиёсатчиси сифатида шуни айта оламанки, биз Ўзбекистон билан дўстона алоқаларимиз борлигидан мамнунмиз. Савдо ва инвестиция соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам юқори баҳо бераман. Қолаверса, Британия парламентида Ўзбекистон бўйича умумпартиявий гуруҳ тузилишида оз бўлсада ҳисса қўшганимдан хурсандман.Мамлакатни бошқа давлатларга таништиришда, имиджини оширишда элчихоналарнинг ўрни беқиёс. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасиҳам мамлакат имиджини ошириш устида кўпгина ишларни амалга оширмоқда. Буларнинг барчаси ўз самарасини бермай қолмайди.

– Тарихимиз билан жуда яхши таниш экансиз, нима деб ўйлайсиз, туристларни жалб қилишда тарихимиздан, меъморий ёдгорликлардан етарлича фойдаланяпмизми?

– Ўзбекистон мустақил бўлганига энди 28 йил бўлди. Бу тарихан катта муддат эмас. Бу янги давлат. Элчихоналар иштиёқ билан ишлаб, туристларни жалб қилиш учун тарғибот ишларини яхши олиб боришяпти. Тарғиб қилиш элчихонанинг вазифаси. Масалан, Британияда яхши турпакетларни ташкил қилиб, турагентликларга тақдим этиш, таништириш, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарлар, ноёб тарихий обидалар ҳақида фотокўргазма, буюк алломаларингиз ҳаёти ва илмий мероси ҳақида маърузалар ташкил этиш лозим, шу каби турли йўллар билан рекламани кўпайтириш керак деб ҳисоблайман. Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти жуда ҳам юқори. Мен бу мамлакатни жуда яхши кўраман. Агар туризм бўйича бирор ёрдам керак бўлса, мен тайёрман.

Ўзбекистон тарихига эса азалдан қизиққанман, Самарқанд, Бухоро, Хивани кўришни орзу қилардим. Бу қизиқиш умр йўлдошимни учратишдан олдин пайдо бўлган. Турмуш ўртоғимнинг қўлини сўраш учун биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрганимда, тарихий шаҳарларингизни бориб кўриш насиб этганди. Ундан кейин Президент сайловларида кузатувчи бўлиб таклиф этилганимда ҳам келиб юртингиз билан яқиндан танишиб кетганман.

– Англияда бир қанча хайрия фондларингиз бор, у фондлар қайси соҳаларга йўналтириланлиги ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Хайрия фондларим асосан боқувчисини йўқотган оилаларга кўмак беришга қаратилган. Буюк Британияда очилган фондим отамнингшарафига “Абдулло” деб номланади.Отам ҳам тадбиркор ва сиёсатчи бўлган, у Африканинг Уганда давлатида яшаган.Отамнинг ҳам кўплаб хайрия фондлари бор эди. Муҳтожларга ёрдам беришни отамдан ўрганганман.

Фондларимиз асосан таълим йўналиши, мактаблар, масжидлар қуриш, бева-бечораларга, оғир касалликка чалинган беморларга ёрдам беришга мўлжалланган. Бундан ташқари яна учта фонднинг ҳомийиман. Бу фондлар орқали болалар уйларида яшаётган болалар, уруш бўлаётган давлатларда боқувчисиз қолган оилаларга ёрдам берилади. “Етим болалар муҳтожлиги” деб аталадиган фондим 12 давлатда иш юритади. Шу фонд маблағидан ёрдамга муҳтож давлаталарда болалар уйлари очилган. У ерда тарбияланаётганларнинг таълим олиши ва яшаши учун керакли маблағ мунтазам ажратиб турилади. Уларнинг жамиятга мослашишига кўмак бериш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Яна бир фондимда кўкрак бези саратонига чалинган аёлларга ёрдам берилади, бошқа бири эса ўлим билан ниҳоя топадиган касалликка учраганларга кўмак беришга ихтисослашган.

Бундан ташқари бир неча китоблар муаллифиман. Китобларимдан тушган маблағнинг барчаси фондларга ўтказилади. Ўзбекистонда ҳам хайрия фонди очишни режалаштирганман.

– Ўзбекистонда қандай фонд очмоқсиз? Фонднинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб берсангиз.

– Ўзбекистонда имконияти чекланган болаларга ёрдам беришга ихтисослашган фонд очмоқчимиз. Маълумки, ногиронлар ҳар доим ҳам ижтимоий ҳаётда фаол бўлишмайди, асосан уйда ўтириб қолишади. Уларни фаоликка чорлаш, жамиятга қўшиш керак. Имконияти чекланганларга ногирондек муносабатда бўлмаслик лозим, улар ўзларини жамиятнинг кераксиз аъзосидек ҳис қилмаслиги учун шароит яратиш лозим. Биз турмуш ўртоғим Гули Хоним билан масалаҳатлашган ҳолда имконияти чекланганларга кўмак берадиган фонд очишга келишдик. Бир нарса менга қаттиқ таъсир қилди. Биз Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни муносабати билан бўлиб ўтган байрам тадбирида иштирок этдик ва тадбирда нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев ҳам ногиронларга ёрдам бериш, фондлар очиш кераклиги ҳақида гапирганларида, демак тўғри қарорга келибмиз деб хурсанд бўлиб кетдик. Чунки биз ҳам айнан шуни режалаштиргандик. Мен ҳозир Амир Темур ҳақида ёзиладиган китоб устида ишлаяпман

Ушбу китобимдан тушган маблағ тўлалигича Ўзбекистонда очиладиган хайрия фондига йўналтирилади.

– Британияликлар инвестиция киритиши учун қандай имкониятлар бўлиши керак? Билишимча, британиялик тадбиркорлар бугунги кунда Ўзбекистонга кўп инвестиция киритгани йўқ...

– Биринчи навбатда британиялик инвесторларни жалб қиладиган бизнес конференциялар ташкил этиш керак. Ўзбекистондаги Буюк Британия элчихонаси билан ҳамкорликда инвесторларни чақириб, Ўзбекистондаги муҳит билан яқиндан таништириш лозим. Уларнинг келиши яна бир эшикни очишда ёрдам беради.

– Ҳозирги кунда бутун дунё эътиборида бўлиб турган Брексит масаласида ҳам фикрингизни билмоқчи эдим...

– Олдинги бош вазиримиз Тереза Мэй ҳам, ҳозиргиси Борис Жонсон ҳам Европа Иттифоқидан чиқиш тарафдорлари. Фарқи Тереза Мэй келишган ҳолда ЕИдан чиқиш ниятида эди, Борис Жонсон эса келишувларни кутмасдан чиқмоқчи. Мен ҳам уларнинг фикрини қўллаб-қувватлайман. Охирги уч-тўрт ҳафта биз учун оғир кечиши мумкин. Диққат-эътиборимиз фақат Брекситга қаратилади. Мен бу вазиятлар тинчигач, Бош вазиримиз Борис Жонсон Ўзбекистонга ташриф буюришини жуда истардим. Лондонга қайтгач, бу фикрларим асосида тавсия хати ёзиб, Бош вазиримизга албатта киритаман.

Ўзбек халқи жуда очиқкўнгил, меҳрибон. Мен буни жуда қадрлайман ва фақат яхшиликлар тилайман.

Суҳбат учун раҳмат. Энди ижозатингиз билан Гули Хонимга ҳам бир неча савол билан мурожаат қилсам.

– Сизга ҳам раҳмат. Бемалол.

– Гули хоним, сизнинг Британияда ўз бизнесингиз бор деб эшитганмиз, у ерда бизнес очиш ва юритиш қанчалик осон?

– Мен Ўзбекистон фуқароси бўлсам ҳам, Англияда ўз бизнесимга эгаман. Ҳунармандларимизнинг маҳсулотларини сотиш билан шуғулланадиган компаниям бор. У ерда тадбиркорлик иши очиш жуда осон. Лекин уни юритиш, рақобатбардош бўлиш осон эмас.

Ўзбекистонда ҳам ҳозирги кунда тадбиркорлик ишини очиш анча осон бўлган. Мен шу кунларда Тошкентда London College of English ўқиш марказини очиш ишлари билан бандман. Ушбу ўқув марказини очишдан мақсад, кўпчилик менга “болам инглиз тилини яхши билиши учун уни Лондонга юбориш йўллари бўйича маслаҳат беринг” дейишади. Лекин ҳаммада ҳам фарзандини Лондонга жўнатиб, ўқитиш имконияти йўқ. Шунинг учун мен лондонлик ўқитувчиларни Ўзбекистонга олиб келишга қарор қилдим. Бундан ташқари биз лорд жаноблари билан бирга Ўзбекистонга ҳар гал келганимизда банкларда, суғурта компанияларида ёки бошқа ташкилотларда таржимонлар муаммосига дуч келамиз.

Айримлар мендан сиз олиб келган ўқитувчилар бизнинг тилни билмайди-ку, қандай гаплашамиз деб сўрашди. Мен улардан агар хорижга борсангиз нима қилардингиз, у ерда сизга ҳеч ким таржимон бермайди. Аксинча шунда тезроқ ўрганасиз, деб жавоб бераман. Сифатли таълим натижасида инглиз тилини тез ва осон ўрганиш мумкин. Президентимиз ҳам хорижий бизнесменлар кўпроқ келишини истаяпти. Лекин ҳар соҳада тил биладиганлар бўлмаса, улар билан қандай гаплашамиз? Шу сабаб инглиз тилини ўргатиш курсларини очиш ва юртимизга шу орқали инвестиция киритишга қарор қилдим.

– Суҳбат учун ташаккур. Ишларингизга омад!

Дилфуза Собирова суҳбатлашди

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+21° ясно
Курсы валют
9448.53
USD -6.71
10553.06
EUR 114.48
147.70
RUB 0.45
rightuz