42

Aсоссиз мурожаатлар тиббий хизмат сифатига таъсир этади

ЖАМИЯТ 19.09.2019, 08:54
327
Aсоссиз мурожаатлар тиббий хизмат сифатига таъсир этади

Мамлакатимизда шаклланган замонавий тиббиёт тизимининг муҳим йўналишларидан бири–шошилинч ва “тез ёрдам” хизматидан йилига ўн миллион нафардан кўпроқ аҳоли фойдаланади. Кейинги йилларда мазкур соҳанинг моддий-техника базаси муттасил такомиллашаётгани халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

2017 – 2019 йилларда тиббиётнинг бошқа йўналишлари каби тез тиббий ёрдам хизмати инфратузилмасини ҳам янада яхшилаш, соҳанинг моддий-техника базасини кучайтириш, тиббиёт амалиётига жаҳон илм-фанининг энг илғор услубларини татбиқ этишга йўналтирилган муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.Натижада “тез ёрдам”нинг автомашиналар парки тубдан янгиланди. Бугунги кунда ҳар ўн уч минг нафар аҳолига битта “тез ёрдам” машинаси тўғри келади. Бу халқаро стандартларга тўла мосдир. Қолаверса, “тез ёрдам”нидори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш сўнгги уч йил ичида 5,2 баробарга кўпайди, чақириқларни қабул қилиш, узатиш ва уларни мунтазам назорат қилиш маркази (Сall-марказ) фаолияти такомиллаштирилди.

Бироқ, давлат даражасида амалга оширилаётган шундай муҳим чора-тадбирларга қарамай, ҳали-ҳамон “тез ёрдам”га нисбатан аҳолида эътирозлар учраб турибди. Бунга тез тиббий ёрдам хизматида кечикишларнинг мавжудлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Дарҳақиқат, тез тиббий ёрдам хизматида вақт энг қадрли мезон ҳисобланиб, ҳар бир дақиқа бемор ҳаётини асрашда муҳим ўрин тутади.

— Таҳлиллардан маълум бўлишича, “тез ёрдам” машиналари кечикиши сабабларининг бири асоссиз чақириқлардир, — дейди Шошилинч ва тез тиббий ёрдам масалалари бўйича маҳаллий координатор Обиджон Дилмуродов. — Бугунги кунда “тез ёрдам”га тушаётган мурожаатларнинг ўттиз фоиздан кўпроғини ана шундай асоссиз чақириқлар ташкил этади. Хўш, бу мурожаатчилар кимлар, деган савол туғилиши табиий. Буларнинг аксарияти сурункали касаллиги бор беморлардир. Пойтахтимиздаги “тез ёрдам” хизматига уларнинг баъзилари йилига 500 мартадан ҳатто 1000 мартагача мурожаат қилади.

— Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сурункали касалликларни даволаш “тез ёрдам” шифокорларининг вазифаси эмас, — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокор ўринбосари Илҳом Аслонов. — “Тез ёрдам” шифокори касалликнинг ҳаёт учун хавф солиши мумкин бўлган белгиларини бартараф этади, холос. Бу беморга вақтинча енгиллик беради. Бемор дарддан тўла халос бўлиши учун умумий амалиёт шифокори назоратида туриб ёки шифохонада ётиб даволаниши керак.

Сурункали касалликларда шифокор тавсияси асосида муолажалар узлуксиз тарзда олиб борилса бемор албатта шифо топади, “тез ёрдам”га қайта-қайта мурожаат қилишга эҳтиёж қолмайди. Аммо, кўпчилик шифокорларнинг бундай тавсияларига риоя этиш ўрнига арзимаган ҳолатлар учун ҳам “тез ёрдам”ни чақиришга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, “тез ёрдам”нинг ҳар бир чақириқ жойига бориши давлатга каттагина харажатга тушади.

Энг ачинарлиси, ана шундай асоссиз чақириқлар туфайли “тез ёрдам” хизматида тиғизлик юзага келади. Натижада шошилинч тиббий ёрдамга ҳақиқатан муҳтож бўлган беморларга ўз вақтида етиб бориш имконияти чекланмоқда.

Шу ўринда шуни айтмоқчи эдикки, ҳар бир инсон аввало ўзи, қолаверса яқинлари соғлиғига эътиборли бўлиши лозим. Бунинг учун қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларда касалликларнинг олдини олиш борасида давлатимиз томонидан яратиб берилган замонавий тиббий имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозим.

Белгиланган мудатларда тиббий профилактика кўрикларидан ўтиб, шифокор тавсияларига риоя этган инсоннинг соғлиғи мустаҳкам бўлади. Ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ортиқча овора қилмайди. Айниқса, эл соғлиғи деб кеча-ю кундуз тиним билмайдиган “тез ёрдам” ходимларининг асоссиз вақтини олмайди.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+21° ясно
Курсы валют
9448.53
USD -6.71
10553.06
EUR 114.48
147.70
RUB 0.45
rightuz