42

​Тошкентда "Қўқон шамоли" эсганда...

МАДАНИЯТ 22.09.2019, 15:26
336
​Тошкентда "Қўқон шамоли" эсганда...

Куни кеча “Медиа-холл НАЭСМИ” (“Зарафшон”) залида “Ўзбеккино” бурюртмасига биноан суратга олинган “Қўқон шамоли” тарихий бадиий фильмини кўрдик. Очиғини айтиш керак, биз охирги йилларда тарихий фильмлар деганда фақат корейс, турк, хитой, ҳинд ва бошқа халқлар киноусталари тайёлаган филмьларни тушунадиган бўлиб қолгандик. Бундан 4-5 йил аввал кино соҳасининг мутасаддиларидан бири билан суҳбат чоғида “Нима учун бизда халқимиз тарихини акс эттирадиган фильмлар, сериаллар суратга олимаяпти?” деб сўраганимда, “юқори”дан рухсат берилмаяпи, чунки тарихда турли давлатлар ўртасида муносабатлар турлича бўлган, масалан Амир Темур Москвагача кириб борган, Хитойга қарши юриш қилган, ҳозирги Эрон, Ироқ, Ҳиндистон, Покистон каби мамлакатларни босиб олганини кўрсатишимиз керак, босмачиларни суратга олсак, барибир ислом дини ҳақида гапириш керак, уларнинг русларга қарши курашини кўрсатиш керак, хуллас битта тарихий фильм деб ҳозирги халқаро муносабатларга дахл қилишимиз мумкин” деб жавоб қайтарганди. Ажаб нима учун бошқа давлатлар халқаро муносабатларни ўйламай, тарихий мавзуда фильмлар олавераркин, деб ажабланган эдим. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди-ку?

Бугун давр талаблари бошқача. Давлат раҳбарининг ўзи тарихий фильмларни суратга олиш лозимлигини айтиб турибди. Ана шу талаблар туфайли бир қанча фильмлар суратга олиниб, томошабинларга етиб ҳам борди.

“Қўқон шамоли” фильми ҳам бу йўналишдаги навбатдаги қадам бўлди. Очиғи, фильмнинг бошини озроқ кўриб, чиқиб кетмоқчи эдим – бошқа ишларим ҳам бор эди. Аммо, қизиқиш устун келиб, охиригача кўрдим. Фильм устида ижодкорлар яхшигина тер тўккани кўриниб турибди. Уни суратга олишда тарихчилар, адабиётшунослар, диний маърифат эгаларининг хизмати яққол кўзга ташланади. Интригалар яхши ўйлаб топилган, Диалоглар пухта тузилган. Тарихий воқеликни имкон қадар реал бўёқларда очиб беришга ҳаракат қилинган. Актёр ва актрисалар ҳам ўз ролларини маҳорат билан ижро этишган дейиш мумкин.

Аммо, барибир айрим камчиликлар кўзга ташланади. Дейлик, фильм асосан XIX аср бошларида Қўқон тахти учун олиб борилган ички зиддиятлар тасвири билан чекланиб қолгандек. Фильмда ўша даврдаги оддий халқнинг ҳаёти, турмуш тарзи етарлича очиб берилмаган. Қаҳрамонларнинг суҳбатида ўша давр сўзлашув тили унча сезилмайди. Буни фильм ижодкорлари “томошабин, айниқса ёшларга тушунарли бўлиши учун қилинган ҳаракат” сифатида изоҳлашди. Қабул қилдик.

Маълумки, Нодирабегим ушбу фильмнинг асосий қаҳрамонларидан бири ва ўз даврининг энг ёрқин шахсларидан эди. Аммо негадир Нодирабегим сиймоси сиёсий зиддиятлар, беклар ва хонзодаларнинг ўзаро курашлари соясида қолиб кетгандек. Фильмда Нодирабегимнинг лоақал бир-икки байти ишлатилганида яхши бўлармиди? Назаримда Амир Умархон образи ҳам ўта идеаллаштириб юборилгандек тасаввур уйғотади. Албатта, у адолатли ҳукмдор, шоир, маданият ҳомийси сифатида тарихда қолган. Аммо, у ҳам ўз даврининг вакили эди. Ўша даврга хос қарашлар, сиёсий ёндашувлар унга ҳам бегона эмасди.

Бу, албатта, шахсий фикрлар холос. Фильмнинг ижобий жиҳатлари унинг камчиликларини яшира олса керак. Хуллас, томошабин фильм орқали ўша даврдаги тарихимиз ҳақида муайян тушунча ҳосил қила олади.

Умуман олганда, сўнгги пайтларда “Ўзбеккино” тизимида катта ижобий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бундан кейин суратга олинадиган фильмлар янада пишиқ, мукаммал бўлишига умид қиламиз.

Рустам ЖАББОРОВ.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+20° пасмурно
Курсы валют
9448.53
USD -6.71
10553.06
EUR 114.48
147.70
RUB 0.45
rightuz