Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” давлат музей қўриқхонаси ҳудудида унутиб қолдирилган мобил телефон аппарати топилди, дея хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси. Мазкур телефон аппаратини ўз эгасига қайтариш мақсадида бошқарма ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу алоқа воситаси Россия Федерациясидан келган сайёҳ Валентина Макеевага тегишли эканлиги аниқланди ҳамда ушбу телефон аппарати эгасига қайтариб берилди.
Валентина Макеева воқеа юзасидан ўз миннатдорчилигини билдирди: “Мен учун қадрли бўлган Ўзбекистон бўйлаб сайёҳатим давомида акс этган фотосуратларим жамланган смартфонимни топиб берганларликлари учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари хусусан, Хоразм вилояти Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бошқарма ходимлари сайёҳатимиз давомида учратган энг оқкўнгил, касбига садоқатли кишилар эканлигига амин бўлдим. Ўзбекистоннинг ўзи эса мен саёҳат қилган энг ажойиб мамлакатдир. Юрт ривожи йўлида амалга ошираётган ишларингизда омад ёр бўлишини тилаб қоламан”.