Россия Федерациясининг қатор нашрларида Ўзбекистонга парвоз қилувчи РФ фуқаролари сони ошиб бораётгани, юртимиз парвоз чипталари россияликлар энг талабгор бўлган давлатлар орасида биринчи ўринни эгаллаганига оид маълумотлар чоп этилмоқда.
Россиялик мутахассислар tutu.ru ёрдамида 2018 йилнинг январидан 2019 йилнинг сентябрь ойи охирига қадар сотилган авиачипталар бўйича таҳлил ўтказишди. Тадқиқот натижалари асосида энг машҳур 3 йўналиш рўйхати тузилди, унда биринчи ўринни – Ўзбекистон, иккинчи ўринни – Арманистон ҳамда учинчи ўринни Германия мамлакатлари эгаллади, дея хабар беради “Ўзбектуризми” матбуот хизмати.
Ўтган йилнинг шу даврида етакчилар учлиги бироз бошқача бўлган, яъни: Ўзбекистон, Грузия, Арманистон. Бироқ Ўзбекистон иккинчи йил кетма-кет етакчиликни қўлдан бой бермай келмоқда.
Шу билан бирга, манбада Ўзбекистонга Россиянинг айнан қайси шаҳарларидан кўпроқ саёҳат қилиниши ҳам қайд этилган. Унга кўра, дастлабки учликдан Москва (66,1 фоиз), Санкт-Петербург (9,2 фоиз) ҳамда Новороссийск (3,9 фоиз) шаҳарлари ўрин олган. Бундан ташқари, Краснодар, Қозон, Екатеринбург, Иркутск, Тюмень, Красноярск ва Воронеж ҳам Ўзбекистонга парвоз учун энг кўп талаб қайд этилган РФ шаҳарлари рўйхатига кирган.
РФнинг етакчи нашрларидан бири ҳисобланган rbc.ru’да келтирилишича, Москва ва Санкт-Петербургда бошқа шаҳарларга нисбатан аҳоли сони кўп бўлгани боис улар рўйхатда етакчилик қилмоқда. “Аҳоли сони қанча кўп бўлса, шунча кўп одам саёҳат қилади”, - дея изоҳ берилган tutu.ru матбуот хизмати томонидан. Шу билан бирга, РФнинг бошқа шаҳарларига нисбатан Москвадан Ўзбекистонга амалга оширилувчи тўғридан-тўғри авиарейсларнинг кўплиги ҳам пойтахтнинг етакчилигига сабаб сифатида келтирилган.
Яна бир оммабоп нашрлардан бири ҳисобланган aviaport.ru’да таъкидланишича, сўнгги 1,5 йилда сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ўсмоқда. Жумладан, ойлар кесимида Ўзбекистон кўп маротаба 2019 йил давомида сотилган авиачипталар бўйича энг машҳур мамлакат сифатида эътироф этилган. Тадқиқот даврида Ўзбекистоннинг хорижий трафикдаги улуши тахминан 50 фоизга ўсган. Яқин хориж мамлакатлари сегментида эса Ўзбекистоннинг улуши ўртача 16-18 фоизни ташкил қилади. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонга саёҳат қилувчи россияликлар сони 2019 йилнинг илк 9 ойида 353 771 кишини ташкил қилди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 126,8 фоизга кўп дегани. “Ўзбекистон нимаси билан машҳур? Мазали таомлари, ранг-баранг бозорлари ва қадимий обидалари билан. Эҳтимол, айнан шу россиялик туристларни бу диёрга жалб қилаётгандир?”, - дейилади businesspskov.ru’да.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан туризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ва туроператорлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари бугунга келиб ўз самарасини бермоқда. Умид қиламизки, ушбу тизимли равишда олиб борилаётган ишлар натижасида келгусида бунданда юқори кўрсаткичлар қайд этилади.