АсосийMadaniyat

ТОШКЕНТДА VII ЕВРОПА КИНОСИ ФЕСТИВАЛИНИНГ ТАНТАНАЛИ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ

'ТОШКЕНТДА VII ЕВРОПА КИНОСИ ФЕСТИВАЛИНИНГ ТАНТАНАЛИ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ'ning rasmi

11 октябр куни ЎзЭОАВМА медиа-холлида VII Европа киноси фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Эдуард Стипрайс тадбирни очар экан, фестивалда тақдим этиладиган, Европанинг 12 мамлакатида яратилган 10 та фильм турли танлов ва фестивалларда ғолиб деб топилганини, Европа ҳаётининг турли қирраларини акс эттирганини таъкидлади.

- Сизга умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида яратилган ушбу филмларни тақдим этаётганимиздан мамнунмиз. Бугун Ўзбекистон қай даражада ўзгариб бораётгани, кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ушбу инсоний қадриятлар кенг тарғиб қилинаётгани бизни қувонтиради ”, деди дипломат.

"Ўзбеккино" Бош директори Фирдавс Aбдухолиқов ўзининг табрик нутқида таъкидлаганидек, "Ўзбеккино" бугунги кунда кинематографиянинг жаҳон тенденциялари марказида бўлишга ва европалик ҳамкорлар билан фаол ишлашга ҳаракат қилмоқда.

“Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёйевнинг ташаббуси билан бугун Ўзбекистон бутун дунёга ўз эшикларини очди. Дунё Ўзбекистонни қайга кашф этмоқда, Ўзбекистонликлар ҳам дунёни чуқур англаб етмоқда. Фестивалнинг асосий мақсади ҳам шу. Бизнинг муҳим вазифаларимиздан бири бу нафақат Европа киноси кунларини Ўзбекистонда ўтказиш, балки Европада ҳам ўзбек фильмларини намойиш этиш, европалик томошабинларга Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва санъати ҳақида маълумот беришдан иборат. Бунга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали эришиш мумкин. Айни пайтга қадар биз ана шу мақсадда Буюк Британиянинг Би-Би-Cи компанияси, Франциянинг Paris Premiеre канали билан шартнома имзоладик, Даниянинг " Danmon grouр " компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда ", деди Ф.Aбдухолиқов.

Бу йилги фестивал мамлакатимизнинг тўрт шаҳри аҳолисини қувонтиради: Европанинг етакчи кинорежиссёрлари ишлаган картиналар Тошкент, Нукус, Урганч ва Жиззахдаги катта экранларда намойиш этилади.

Еттинчи йил кетма-кет "Ўзбеккино" миллий агентлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда кино санъати орқали томошабинларга ЕИ мамлакатлари маданиятини янада чуқурроқ англаб етиш имкониятини бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, Европа компаниялари, телеканаллари ва актёрлари билан ҳамкорлик "Ўзбеккино" нинг устувор йўналишларидан бири бўлиб, нафақат Европа томошабинларини янги Ўзбекистон билан, балки ўзбекистонлик томошабинларни Европа киноси тенденциялари билан таништириш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этади. Бу маҳаллий кино санъати ва саноатининг жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлигини таъминлаш, юқори малакали режиссёрлар, кино драматурглари, актёрлар, рассомлар ва операторлар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.

11 октябрдан 10 ноябрга қадар Aвстрия, Белгия, Болгария, Венгрия, Германия, Дания, Италия, Латвия, Голландия, Финляндия, Франция ва Швециянинг таниқли режиссёрлари яратган фильмлар кинофестивалнинг меҳмонлари ва иштирокчилари эътиборига ҳавола этилади. Томошабинлар турли жанрлар ва йўналишларда яратилган "Белгияликлар қироли" комик драмаси, "Луиза қишда" анимацион фильми, "Стефан Цвейг: Европа билан видолашув", "Итлар олисдан ҳурганда" номли тўлиқ метражли фильмларни, ҳатто бирота ҳам инсон роль ўйнамаган олинган Homo sapiens фильмини кўришлари мумкин.

Тошкентда фильмлар намойиши 18 октябрга қадар, Нукусда 24-26 октябр кунлари, Урганчда 1 дан 3 ноябргача, Жиззахда 8 дан 10 ноябргача бўлиб ўтади.

    Бошқа янгиликлар