Му5
44

Эргаш МЎМИНОВ: “Мени ҳануз “Масхарабоз” деб чақиришади

МАДАНИЯТ 18.10.2019, 16:41
Теглар: Кино
431
Эргаш МЎМИНОВ: “Мени ҳануз “Масхарабоз” деб чақиришади

1970 йилда суратга олинган “Ҳинд киноси отаси” Раж Капурнинг “Менинг исмим — Масхарабоз фильми” ва масхарабозРажу образи кўп йиллар ўзбек томошабинларининг қалбини эгаллаб келди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзимизда ҳам Масхарабоз қаҳрамони пайдо бўлди. Таниқли драматург Шароф Бошбеков “Масхарабоз” пьесасини экранлаштирди. Мана, 20 йилдан зиёд вақт давомида ушбу фильм ўз томошабинларига эга.

Саҳифамизнинг бу галги қаҳрамони ана шу масхарабоз роли билан сизга таниш Эргаш Мўминовдир. У бугунги кунда режиссёр, телеканалларимизда намойиш этилиб, катта қизиқиш билан кутиб олинган бир қанча сериалларни суратга олган. Эргаш Мўминов нега актёрлик касбини давом эттирмади? Режиссёрликка уни нима ундади? 

 “Бозорбой ўғли Болтабой...”

— 1991 йил режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг ўша машҳур “Абдуллажон” фильмида Бозорбойнинг ўғли Болтабой ролини ижро этдим. Бундан аввал, яъни 14 ёшимда (1988 йил) ўзбек киноси дарғаларидан бири Шуҳрат Аббосовнинг “Кичкина бола катта урушда” фильмида эпизодик роль ўйнаганман. Ўша вақтда актёрликка қизиқиб, киносиновларда қатнашиб юрардим, “Ўзбектелефильм” киностудиясида суратларим қолганди. Зулфиқор ака ана шу суратлардан мени Болтабой ролига танлаб олган экан.

“Абдуллажон” фильми Тошкент вилоятидаги Ўртасарой деган қишлоқда суратга олинган. Ўша менинг уйим, яъни отам Бозорбой (Ражаб Адашев), онам (Тўти Юсупова) ва ўзга сайёралик меҳмон Абдуллажон (Шуҳрат Қаюмов) яшаган уй ҳалиям бор. 

Лекин бу фильмдаги ролимдан кўра менга режиссёрга ассистентлик қилганим кўпроқ қизиқ бўлган, асосан, камера ортида ишлаганман. Чунки бу пайтда мен режиссёрликка қизиқа бошлагандим. Бунда менга Шуҳрат Аббосов туртки бўлган. Унинг суратга олиш майдончасида ишлаши, ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари – бари менга таъсир ўтказган. Мен ҳам режиссёр бўламан, деб дилимга тугиб қўйгандим. Устозга ҳавас қилганман.

Ассистентлик менга мактаб вазифасини ўтаган. Кино тилида “махсус эффект” дейиладиган мураккаб кадрлар қандай олинганини илк бора кўрганман. Ҳозир бу ишлар осонгина компьютерда бажарилади, аввал эса қийин эди. Масалан, “Абдуллажон”да менинг армия ётоқхонасидан тунда бирданига ўз уйимда пайдо бўлиб қолишим, аксинча, уйимдан армияда пайдо бўлиб қолишим, кетмонлар учиши ва ҳоказо саҳналар кино тасмаларда монтаж жараёнида бажариларди, “комбинированний съемка” деб айтиларди. Ўзбек киносида бу ишлар биринчи марта қилингани албатта, томошабинларни ҳайратлантирмай қолмаган. 

Шундан кейин аввалги Тошкент театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик таълим йўналишига ўқишга кирдим. 

Кўпгина йигитларнинг дарди акс этган фильм

— “Масхарабоз” фильми 1994 йил Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги қишлоқда суратга олинган. У пайтда мен институтнинг 2-босқичида ўқирдим. Фильмнинг киносиновлари аввалроқ бўлиб ўтганди. Лекин нима сабабдандир суратга олиш ишлари бошланавермади. Орадан икки йилча вақт ўтиб, ишга киришилди. Ўшанда фильм сценарий муаллифи ва режиссёри Шароф Бошбеков мени бош роль — Масхарабозга тасдиқлаб қўйган экан. Билишимча, бу ролга ўша вақтда номи чиққан, таниқли актёрлар ҳам таклиф этилган, синаб кўрилган. Аммо тақдир экан, менга насиб қилди.

“Масхарабоз”да ўйнаш мен учун осон бўлган, деб айтолмайман. Қийин ва қизиқ бўлган, деса тўғри бўлар. Шароф ака фильм сценарий муаллифи ва режиссёри сифатида ўта қаттиққўл эди. Чунки ўзи ёзган асар воқеаларини-ю қаҳрамонларини хаёлида обдон пишитиб олган. Шундан актёрлардан ҳам ўша ўзи ўйлаган образни чиқариб беришни талаб қиларди. Бундай вақтда менга Раъно Зокирова, Шафоат Раҳматуллаева, Машраб Кимсанов ёрдам беришган. 

Бир қанча қизиқ воқеаларга ҳам дуч келганмиз. Бир куни мени сигир судраб кетгани ҳеч ёдимдан чиқмайди. Эсингизда бўлса, фильм Тешанинг:

“Исмим Теша, лекин масхарабоз, дейди ҳамма.

Ўз исмимни айтолмасдан, масхарабоз, дейди ҳамма.

Одамлар бор — замонасоз, 

Нимам менинг масхарабоз?”, дея қўшиқ айтиб, сигир етаклаб юриши билан бошланади. Ўша сигир кун бўйи роса чарчаганди. Биз уни 3-4 соатлаб тепаликлардан судраб-судраб юрганмиз, оч қолганди ҳам. Охири кўзига ёмон кўриниб кетдим шекилли, аламини олиб мени судраб кетган. Арқони қўлимда эди-да (кулади). Хайриятки, жароҳат олмаганман.

Фильм томошабинлар ҳукмига ҳавола этилганидан сўнг, кўпчилик, айниқса ёш йигитларнинг “бу кино менинг ҳаётимдан олинибди, тақдиримиз ўхшаш экан”, дейишганини эшитгандим. Нима учун? Чунки, йигитлик чоғида севган қизига етолмаслик, қизлар бошқасига турмушга чиқиб кетиш ҳолатлари кўп учрайди. Фильмда шундай йигитларнинг дарди ҳам акс этганди.

“Масхарабоз” дейишса...

— Бу фильмдан кейин мени кўча-кўйда “Масхарабоз”, деб чақирганлар кўп бўлди. Ҳалигача ҳам баъзида қулоғимга чалинади. Мен бундан хафа бўлмайман. Аксинча, хурсанд бўламан. Актёр учун, умуман, ижодкор учун қилган меҳнатини одамлар эътироф этса, кўп йиллар эслаб юрса бахт!

“Атиргуллар очди чирой...”

— “Масхарабоз” фильми мусиқали комедия жанрида бўлгани боис, албатта, унга қўшиқлар ҳам ёзилган. Жумладан, “Атиргуллар очди чирой” деб куйланувчи қўшиқ ўз даврида оммалашганди. Кейинчалик ва ҳозирда ҳам баъзи хонандалар қайта куйлаб келишади. 

Фильмда эса бу қўшиқни эркак овозида Козим Қаюмов, аёл овозида Зайнаб Ниғматуллаева ижро этишган.

“Олдингда оққан сувнинг қадри йўқ” — сериаллар ҳақида...

— 1994 йил телевидениега ишга келдим. Бугунги кунгача Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбектелефильм” киностудияси саҳналаштирувчи режиссёр бўлиб ишлаб келяпман. Дастлабки иш фаолиятимни кичик видеофильмлар суратга олишдан бошлаганман: “Роҳила”, “Оққуш”, “Олис осмон...” ва “Денгиздан томчи” теленовеллалари...

Кейин сериалларга қўл урдим. Дастлаб 10 қисмли “Вақт қадри” сериалини суратга олдим. Сўнг “Таваллуд”, “Бедор туйғулар”, “Зурриёт”, “Зурриёт-2” сериалларини ишладим. Айни кунларда эса 30 қисмли “Чегарадаги қишлоқ” деб номланган янги сериал “Ёшлар” телеканалида намойиш этилмоқда. 

Сериаллар ишлаган режиссёр бўлганим учун мендан сўнгги вақтларда телеэкранларимизни эгаллаб олган хориж сериаллари ҳақида фикримни сўрашади. Албатта, бу ҳолат дилимни ранжитиши рост. Яширмайман, баъзида телевизорни ёқиб, бирортасидан ўзбек чеҳраларини тополмай қоламан. “Олдингда оққан сувни қадри йўқ”, деб куюниб ҳам қўяман. Чунки ўзимизнинг қанча-қанча сериалларимиз бор. Сериаллар ишлаб чиқарадиган базамиз ҳам, имкониятларимиз ҳам, маҳоратли режиссёрларимиз ҳам бор. Фақат бунда катта меҳнат, кучли тарғибот ишлари қилиниши керак. Томошабинларимизни ўзимизнинг сериаллар билан зангори экранга “михлаш”имиз, жалб қилишимиз керак.

Хориж сериалларида барибир, бошқа миллат, бошқа менталитет, бошқа ҳаёт, бошқа жамият... Биз ўзимизга ўзимиз ойна бўлишимиз лозим. Мен бу билан хориж сериалларини бутунлай тақиқлаш керак, деган гапдан буткул йироқман. Тақиқлаш билан мақсадга етиб бўлмайди. Бизнинг вазифамиз – хорижникининг ўрнини ўзимизнинг яхши, сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш. 

Муниса АЛИЕВА

Шарҳлар

Ўзбекистонда кино прокати ривожлантирилади

01.11.2019, 09:57

Кеча, 31 октябрь куни "Ўзбеккино" Миллий агентлигида Вазирлар Маҳкамасининг давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган бадиий фильмларнинг рекламаси ҳамда телевидение, радио ва Интернет тармоқларидаги пиар-компанияси ташкил этиш...
​ЖАҲОНГИР АҲМЕДОВ: “МEН” БОШҚА ИЖОДКОРЛАРНИ ТАН ОЛМАЙМАН!”

20.10.2017, 15:25

Кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ўзбек киноси ва киноижодкорларга оид танқидий фикр-мулоҳазалари билан бўлишди. Жаҳонгир Аҳмедов ўзининг "Инстаграм"даги саҳифасида бугун кинода фаолияти юритаётган ижодкорларнинг аксарияти ўзини ўйлаб...
​РОССИЯЛИК КИНОИЖОДКОРЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ СЕРИАЛ СУРАТГА ОЛА БОШЛАДИ

13.10.2017, 09:41

Россиянинг НТВ телеканали янги “Юбилейный встречный” сериалини суратга олиш ишларини бошлади. Суратга олиш ишлари Ўзбекистондаги Кинематографияни ривожлантириш маркази кўмагида амалга оширилиб, марказ ижодкорларгаактёрлар кастингини ташкил...
​БОРИС ҒОФУРОВ ОТАСИ БИЛАН АЛОҚАСИ УЗИЛГАНИ ВА 40 ЁШДА ОИЛА ҚУРГАНИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)

26.07.2017, 15:43

Шундай актёрлар борки, уларни экранда кўп кўрмасак-да, ижро этган роллари билан ёдимизда сақланиб қолишади. Бахтиёр Ғафуров. Ўзбек томошабинлари уни кўпроқ Борис Ғафуров сифатида танишади. Спектакль,...
Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+4° туман
Валюта курси
rightuz