1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур бобомизнинг 660 йиллик юбилейида Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланган ва 18 октябрь Самарқанд шаҳар куни деб белгиланган эди. Шундан буён ушбу кун вилоятда кенг нишонланади.
Эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янграб барчани байрамга чорлади. Асосий тадбирлар экомарафон билан бошланди. “Биз келажак учун жавобгармиз!” шиори остида ўтказилган ушбу “ARAL MARATHON” халқаро экологик марафонда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган минглаб фуқаролар иштирок этишди.
Вилоят жамоатчилиги вакиллари Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Бу ерда ўтган буюк аждодларимиз руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйилди.
Самарқанд шаҳри куни тадбирлари доирасида шаҳардаги 7 та маскан – Кимёгарлар қўрғони, Фарҳод ва Сўлим шаҳарчаларида, Регистон майдони, Ислом Каримов кўчаси ҳамда Алишер Навоий, “Ёшлик” номли маданият ва истироҳат боғлари, Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдон ва бошқа жойларда оммавий халқ сайиллари, маданий-маърифий тадбирлар, танловлар ва таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари бўлиб ўтди.
Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида ўтказилган сайилда 150 килограммлик ош дамланди.
Байрам тадбирлари доирасида Алишер Навоий кўчасида “Табиат саховати” ярмаркаси очилди. Унда вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қайта ишланган истеъмол моллари савдоси ўтказилмоқда. Мазкур ярмарка 20 октябрга қадар давом этади.