АсосийDunyo

ИШИД раҳбари Абубакр ал-Бағдодий ўлдирилгани ростми?

'ИШИД раҳбари Абубакр ал-Бағдодий ўлдирилгани ростми?'ning rasmi

ИШИД раҳбари Абубакр ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар томонидан Сурияда ўтказилган ҳарбий амалиёт вақтида ўлдирилган. Бу ҳақда Fox News телеканали АҚШ маъмуриятидаги юқори лавозимли амалдорга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Телеканал ҳарбий манбасининг сўзларига кўра, Суриянинг Идлиб вилоятида АҚШ бошчилигидаги ҳарбий кучлар томонидан ўтказилган махсус амалиёт вақтида «ИШИДнинг муҳим объекти» йўқ қилинган. Гап катта эҳтимол билан ал-Бағдодий ҳақида кетаётгани тусмол қилинмоқда.

Бу маълумотни АҚШ президенти маъмуриятидаги бошқа бир манба ҳам тасдиқлаган.

ИШИД раҳбари ҳалок бўлгани ҳақида АҚШ Қуролли кучлари вакилига асосланган Newsweek,  ўз манбасига асосланиб CNN ва Reuters ҳам хабар тарқатди, деб ёзади kun.uz.

Нашрларда ёзилишича, Пентагон «юқори ишонч билан» Оқ уйга 26 октябрь куни ўтказилган махсус амалиёт натижасида орасида ал-Бағдодий ҳам бўлган гуруҳ йўқ қилингани ҳақида маълумот етказган. Хабар қилинишича, президент бир ҳафта муқаддам шундай амалиёт ўтказилишини маъқуллаганди.

Шунингдек, ҳужум вақтида террорчи ўзини портлатиб юборгани ҳақида ҳам айтилмоқда. Ҳозирча ҳужумга учраган террорчилар гуруҳида бўлганларнинг шахсини аниқлаштириш ишлари давом этмоқда.

Эрон ҳукуматидаги манба ҳам Сурия ҳукумати Теҳрондагиларни ал-Бағдодий ўлдирилгани ҳақида хабардор қилганини маълум қилди.

Бу хабарлар ортидан АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам твиттердаги саҳифасида «жуда муҳим воқеа» содир бўлгани ҳақида ёзди. Лекин у нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмади. Оқ уй ҳам Америка президенти «муҳим баёнот» билан чиқиши кутилаётганини маълум қилган. Президентнинг бу чиқиши маҳаллий вақт билан соат 9:00га (Тошкент вақти билан соат 18:00) белгиланган.

16 сентябрь куни ал-Бағдодий келгусидаги режалари ҳақида гапириб бергани акс этган аудиоёзув тарқалганди. Бу унинг шу йилнинг баҳоридан буён берган илк баёноти эди. У 2019 йил баҳоригача беш йил давомида чиқиш қилмаганди.

Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда ал-Бағдодий оғир яралангани, ўлдирилгани ёки асирга олингани ҳақида кўп марта хабар тарқалган. Аммо бу хабарларнинг ҳеч бири расман тасдиқланмаган эди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар