Му5
44

Жигарбандини минг долларга сотган она (Воқеий ҳикоя)

МУТОЛАА 27.10.2019, 14:12
Теглар: одам савдоси,
711
Жигарбандини минг долларга сотган она (Воқеий ҳикоя)

Кейинги йилларда одам савдосининг жуда аянчли ва кечирилмас кўриниши – ўз боласини сотиш ҳолатларига  бот-бот дуч келаяпмиз. Мана бу аччиқ ҳаёт ҳикояси «қаҳрамони» ҳам ана шулардан бири. Бу воқеа ёшликнинг тор йўлида адашганларга сабоқ бўлсайди...  

Меҳринисо Халилова асли қишлоқда туғилиб ўсган. (Дарвоқе  айтиб қўяйлик, исми-шарифлар ўзгартирилган, аслида бундайларнинг номини очиқ-ойдин ёзиш керак эди-ю, афсуски, инсон ҳуқуқлари ва касб этикаси бунга йўл қўймайди). Маълумоти ўрта. Икки марта оила қуриб, икки марта ҳам унга бахт кулиб боқмаган, ажралган. Биринчи турмуш ўртоғи Зафар Шавқиев билан ўрталаридаги уч ёшли ўғли Азизжонни сотиб, бой бўлмоқчи бўлган бу она – аслида "она" деган номга  номуносиб аёл. 

Ўзбошимчалик қилиб, ота-она розилигини олмасдан  қурилган оиласи барбод бўлгач, қўлида ёш боласи билан она уйига қайтган қиз бир муддат ота-онаси билан яшайди. Тақдир синовлари, ҳаёт ташвишларини ақл билан енгиш, ечиш ўрнига боласини олиб, Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетишга қарор қилади. Бир муддат Қуйлиқ массивидаги  фирмалардан бирида ошпаз бўлиб ишлайди.Ёш бола билан яшаш ва ишлашнинг қийинчиликларини тасаввур қилиш қийин эмас. Хуллас, кунларнинг бирида  у ота-онасини кўришга қишлоғига қайтади, на касби, на кори бўлмаган  беқарор қиз орадан ҳеч вақт ўтмай яна Тошкентга кетиш тараддудини кўради. 

Туман марказига келиб, йўловчи машиналар билан кетмоқчи бўлиб турганда, эски таниши Моҳирани учратиб қолди. Моҳира она-болаларни  яқин атрофдаги ўз уйига таклиф қилди ва уйга келгач, ўз режаларини, кутилмаган таклифларини айта бошлади. У Меҳринисога боласини фарзанди йўқ танишларидан бирига фарзанд кўргунча вақтинча бериб туриш таклифини билдиради. 

Меҳринисо рози бўлмаганига қарамасдан таниши билан уни учраштиришга ҳаракат қилади. Ҳоли-жонига қўймагач, улар Навоий шаҳрига  йўл олишади. Кармана туманида эр-хотин Содиқовлар уларни   кафеда кутиб олади. Нонуштадан сўнг улар мақсадга кўчади.

Хуллас, уларнинг уйи, шароитлари  яхшилигини кўргач, аёл боласини уларга беришга рози бўлади.   “Савдо” шу қадар тез битдики, болага “харидор”лар фарзандфуруш онага келишилган 100 АҚШ доллари ва 8 миллион сўмни бергандан сўнг уларга боладан  кечганлиги тўғрисида тилхат ёзиб берганини билмай қолади. 

Шу билан одам савдоси «драма»сининг бу машъум пардаси ёпилди. Аммо парда ортида турган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари боласини сотиб даромад кўрмоқчи бўлган аёлнинг келгусида чет элларга бориб ишлашдек баландпарвоз орзу-умидларига чек қўйди. Қишнинг қаҳрли кунларида  М. Халилова темир панжара ортига, нималар бўлаётганлигини билмай тўрт томонга жовдираётган бегуноҳ болакай эса Кармана туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига олиб кетилди.  

Оила- бахт қасри. У бузилса вайронага айланади, деймиз. Меҳринисо Халилова ва Зафар Шавқиевларнинг “севги-муҳаббатга асосланган” оиласи нега тезда барбод бўлди, деган савол туғилиши табиий. Асл сабаб-оиласи бор эркакка шаръий никоҳ билан турмушга чиқиш оқибати бўлса, ўз оиласи, болалари бўла туриб, “янги ҳаёт” бошлаган масъулиятсиз эркакнинг найранги, мунофиқлиги. 

Шу ўринда профессор Элёр Каримовнинг фикрлари ёдга тушди. “Қизларнинг коллеж ва лицейларни битирибоқ турмушга чиқиб кетиши, олий маълумотга эга бўла олмаётганлиги ҳолатлари уларнинг жамиятда ўз ўрнини топа олмаётганлигига сабаб бўлмоқда”.  
Меҳринисони суднинг қора курсисига етаклаган сабабларга яна бир бор эътибор берайлик. Унинг биринчи хатоси ота-онасининг юзига оёқ қўйиб, оиласи бор кишига иккинчи хотин бўлиши, тўйдан олдин ҳомиладор бўлиб, ота-онасига иснод келтириши бўлса, оилани ўйинчоқ деб ҳаётга енгил қарагани, фарзандининг келажагини барбод қилгани, ҳали уч ёшга тўлмаган болани тақдир йўлида ёлғизликка мубтало этгани кечириб бўлмас навбатдаги хатосидир. 

Атрофдагилар, яқинларининг уни ўз ҳолига ташлаб қўйганлигию, нотўғри йўллардан қайтармаганлигида ҳам гап кўп.  

 ИНСОНПАРВАРЛИККА  АРЗИРМИКАН?..  

Пул эвазига ўз боласидан воз кечиш тўғрисида ўз қўли билан тилхат ёзган онани ҳеч қачон, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Наҳотки қўлларини сизга чўзиб турган, сизсиз йўлини йўқотиб қўядиган, кўзига қарасангиз олам ёришиб кетадиган, меҳрининг тафти юрагингизни иситиб турадиган жондан азиз миттигина инсондан воз кечиш шунчалар осон бўлса?! 

Фарзандфурушлиги учун суднинг қора курсисига ўтирган ўттиз ёшли аёл қандай жазога лойиқ дейсизми? Кўпчиликнинг жавоби битта – олий жазога! Аммо қонунларимиз шунчалар инсонпарварки...  М.Халиловани Хатирчи туман хотин-қизлар қўмитаси раиси томонидан берилган кафолат хати темир панжара ортидан қутқариб қолди. У суд залидан озод қилинди. Унга тўрт йилга шартли равишда озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Сотиб юборган боласи ҳам қайтариб берилди. 

Хўш, у бундай  инсонпарварликка арзирмикан, деган саволга жавоб бериш қийин. Йиллар ўтиб, Азизжон бу “савдолар” ҳақида эшитса, онасидан сўраб қолса, унинг саволларига жавоб беришга Меҳринисонинг кучи етармикан, виждони, юзи чидармикин? Билмадик...  

          Маруса ҲОСИЛОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+2° туман
Валюта курси
rightuz