Му5
44

Касаллик тарихини билинг, кейин суюнчи олинг (Ҳажвия)

МУТОЛАА 27.10.2019, 23:52
636
Касаллик тарихини билинг, кейин суюнчи олинг (Ҳажвия)

“Инга-инга”туғриқхонаси бош шифокори Севинчихон Пулчиева эрталаб беш дақиқалик мажлис ўтказган бўлса-да тушдан кейин шошилинч равишда яна ҳаммани йиғиб деди:

Ҳозиргина юқоридан қўнғироқ бўлди. Жон-поним чиқиб кетди. Худди пешонамни деворга ургандек. Худо бир асради. Неча марта айтаман, туғруққа келганларнинг “касаллик тарихи” билан шуғулланинг. Одамига қараб муомала қилинг, деб. Гапга кирмайсизлар. Ўзларинг Хон кўланкангиз майдон. Сизларга фақат суюнчи пули олиш бўлса бас.

Ҳамма "нима гап" дегандек бир-бирига қаради.

– Ахир Тоймас Тоймасовични келини туғиб ётибди экан-ку. Нега менинг хабарим йўқ. Ким туғдирди,- деди Севинчихон Пулчиева.

– Мен, – деди Тангахон Олдиева. – Кимлигини суриштирмагандим. Лекин қўчқордек ўғил туғди. Аҳволи яхши. 

– Тоймас Тоймасовичнинг хотини келинини кўришга келган экан, – деди Пулчиева. – Киргизмасдан деразадан гаплаштирибсизлар. – "Ҳали бизларни танимайдиган бўлдиларингми? Ёки танитиб қўяликми" деб пўстагимни роса қоқишди. – Сиз нега туғруққа келганларнинг “Касаллик тарихи”ни ўрганмайсиз? Агар ўрганганингизда ҳозир мажлис ўтказиб ўтирмасдик. Дарров Тоймас Тоймасовичнинг келинига хизматчи ажратинг! Ҳеч нимага зориқмасин. Уйидан кўришга одам келса палатага киргизинг, яна ҳурмат билан кузатиб қолинг. Ҳеч қандай дори-дормон буюрманг! Тушундингизми?

– Тушундим, – деди Тангахон Олдиева.

Сўнгра Пулчиева телефон қўнғироғини ўчириб яна деди.

– Бир нарса эсимдан чиқибди. – Кеча йўлакда туриб ҳамшираларингиз билан суюнчи пули олиб турган экансизлар. – Сизларга ақл ўргатиб ўзимда қолмади. Неча марта айтдим. Камера ишлаб турибди. Ана-ви хонага киргизиб, секин билдирмасдан олсаларинг бўлмайдими? Мен шундай қилаяпман-ку.

– Хўп бўлади Севинчихон Пулчиева. – Бундан кейин сиз олаётган хонада оламиз,  деди Тангахон.

– Хўш, Қайсархон сизда туғруқлар қандай кечаяпти? “Касаллик тарихи”ни  ўрганаяпсизми?

– Ўрганяпман Севинчихон Пулчиева. –Лалихон опа бор-у, Тақирбоевни онаси, ўшани келинини туғдирдим.

–Вой, нега менингхабарим йўқ, – деди Пулчиева.

– Мен операция қилмоқчи бўлган аёлни "Ўзим операция қиламан!" деб кириб кетганингизда келди. Шошилинч туғдирдим.

–Сиз бошқа туққанларга қарайверинг! - Лалихон опани келинига ўзим қарайман деди,- Пулчиева. -Хўш, Тўймасхон “касаллик тарихи” билан қизиқаяпсизми?

– Ҳа, қизиқаяпман, Севинчихон Пулчиева. Ҳозиргина Соқи Боқиевичнинг хотини туғди.

– Вай, қандай яхши. - “Касаллик тарихи”ни яхши ўрганибсиз. – Агар бирор хавф хатар бўлса-ям бизни Соқи Боқиевични ўзлари қутқариб қоладилар. Дори-дармон буюрмадингизми?

– Ҳозирча буюрганим  йўқ.

– Буюрманг! Қандай дори керак бўлса ўзим бераман. Агар келинни кўргани келсалар, деразадан бақириб юрмасинлар. Бошқаларнинг бақиргани ҳам етар. Раҳмат сизга! – Доимо ана шундай “касаллик тарихи”га эътибор бериб юринг.

Шу пайт шошганича қоравул йигит кириб деди:

“Туғруқ” келди.

– Севинчихон Пулчиева деди:

– Тўймасхон сиз боринг! – Ким  экан-у? “Касаллик тарихи”ни ўрганинг! Тағин яна “думи”мизни тугадиганлар чиқиб қолмасин-а.

Барди ЖУМАНИЁЗОВ

Карикатура муаллифи: Фарангиз Атабаева

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+2° туман
Валюта курси
rightuz