Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Президентнинг “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида Педагогик маҳорат институтлари ташкил этилади.
Халқ таълими соҳасида фундаментал, илмий ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш, соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув ва методик ишларни ҳамда соҳа мутахассисларининг олий таълимдан кейинги таълимини янада такомиллаштириш мақсадида А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти негизида А.Авлоний номидаги Халқ таълими академияси ташкил этилади.
Академияда “Таълим соҳаси менежменти” ва “Катталар таълими” (“Андрогогика”) мутахассисликлари бўйича амалиётчи педагоглар таркибидан юқори малакали таълим соҳаси менежерлари ҳамда мутахассисларини тайёрлайдиган 1 йиллик магистратура фаолияти йўлга қўйилади.
Академия ва Педагогик маҳорат институтлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ва бошқа ходимларига олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади. Бунда, бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар нисбатининг чекланган нормативлари олий таълим муассасалари учун белгиланган бир нафар ўқитувчи ҳисобига талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларидан 25 фоиз паст этиб белгиланади.
Қарор лойиҳасига кўра, анъанавий малака ошириш билан бир қаторда касбий ўқувларнинг масофавий (Moodle, E-learning, Web-based training) ва уйғунлашган (blended-learning) каби самарали шаклларини, шунингдек, халқ таълими ходимлари малакасини оширишнинг белгиланган даврийликка риоя қилинган ҳолда, тажриба тариқасида, ходимларни ҳар йили ўқишга жалб қилишни назарда тутувчи кредит-модуль механизми босқичма-босқич жорий этилади.
Шунингдек, қарор лойиҳасида тажриба тариқасида, педагог кадрларнинг ҳар йили ташкил қилинадиган қисқа муддатли малака ошириш курслари ва ундан кейинги даврда фанлар бўйича таянч мактабларида ишдан ажралмаган ҳолда ўтказиладиган (on-the-job training) доимий ўқувлардан иборат узлуксиз касбий ривожлантириш ҳамда халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш ва ҳар бир ходимнинг ўз индивидуал траекториялари бўйича малака ошириши жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базасига асосланган электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этилади.






