АсосийMadaniyat

Европа киноси фестивали Хоразмда давом этди

'Европа киноси фестивали Хоразмда давом этди'ning rasmi

Хоразм вилоятининг Хива ва Урганч шаҳарларида VII Европа киноси фестивали доирасида Европа кинолари намойиши бўлиб ўтди. 1 ноябрь куни Хоразм ёшлар марказида фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги мутасаддилари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Республика кинопрокати маркази вакиллари иштирок этишди, деб хабар берди "Ўзбеккино" матбуот хизмати.

“Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Хива ва Урганч тарихан Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданиятлар чорраҳаси, саёҳатчилар ва савдогарлар қадами узилмайдиган, турли маданият ва урф-одатлар доимо ҳурмат-эътиборда бўлиб келган бир маскандир. VII Европа киноси фестивалининг Хоразмда давом этаётгани биз учун қувонарли ҳол, ўша тарихий руҳни  ҳис қилиб турибмиз. Фестивалда тақдим этилаётган филмлар орқали сизга Европа халқларининг маданий хусусиятларини таништиришдан мамнунмиз, улар барибир умумий қадриятларга эга. Ўзбекистон ҳозирги ислоҳотлар жараёнида ушбу қадриятларга амал қилишга интилаётганидан бағоят хурсандмиз", дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари ўринбосари Юсси Нарви.

Фестивал доирасида Хоразмда европалик таниқли режиссёрлар томонидан яратилган 7 та фильм: “Белгияликлар Қироли” комедия жанрида суратга олинган драма, “Қишдаги Луиза” анимацион фильми, “Стефан Цвейг: Европа билан хайрлашув” ҳужжатли фильми, “Кичик фермер” драмаси, бирор бир инсон кадрга тушмаган “Ҳомо сапиенс” фильми, “Узоқдаги кучуклар ҳайқириғи” ҳужжатли фильми,“Ҳаётдаги энг бахтли кун” номли қувноқ ҳужжатли фильм ва “Жаннат 89” бадиий фильмлари намойиш қилинди.

Барча фильмлар рус ва ўзбек тилидаги субтитрлар билан аслият тилида намойиш этилди. Киносеансларга кириш бепул бўлди.

VII  Европа киноси фестивали доирасида Хива ва Урганч шаҳарларидаги намойишлар 3 ноябргача давом этди. Шундан кейин фильмлар намойиши Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри кинотеатрларида – 8-10 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Бошқа янгиликлар