АсосийSalomatlik

Қош-кўзни татуаж қилдириш касалликка сабаб бўладими?

'Қош-кўзни татуаж қилдириш касалликка сабаб бўладими?'ning rasmi

Сайтимиз ўқувчилари қўнғироқ қилиб, татуажнинг организмга қандай зарарли томонлари борлиги, бу орқали қандай касалликлар юқиши мумкинлигини сўраб, мурожаат этишди. Бу борадаги саволларга мутахассисдан жавоб олиш мақсадида Darakchi.uz мухбири терапевт Гулбаҳор Қодирова билан боғланди. Шифокор саволларга қуйидагича жавоб берди:

–Татуаж лаб, кўз ва қошда узоқ муддат сақланиб турадиган бўёқ ёки шакл беришдир. Бу қайсидир маънода гўзал кўриниш имконини беради. Бироқ у ташқи кўринишга, саломатликка сезиларли даражада зиён келтириши мумкин. Масалан:

Қош татуажи қош сийраклашиб, илдизи йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин. Қошлар учун бундай турдаги пардоз тўкилиш эҳтимолини оширади ва янги қошлар ўсишини тўхтатади. 

Кўз татуажи игна ёрдамида шакл чизиш йўли билан кўз ва қовоқ шаклини тўғрилашга қаратилган. Бунда кўз нуқсонлари яширилади. Аммо афсуски мазкур муолажа оғриқли бўлиб, кўриш қобилияти, қовоқ териси, тери сезувчанлиги ва мимикага салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 

Лаб татуажи лаблар шаклини тўғрилаш, катталаштириш ҳамда қизартириш мақсадида амалга оширилади. Лабни татуаж қилгандан сўнг оғиз атрофида шишлар пайдо бўлиб, уларнинг битиши узоқ вақтга чўзилади. Бундан ташқари, инфекцион касалликлар билан хасталаниш эҳтимоли ошади. Агар сиз герпес вирусига тўқнаш келмаган бўлсангиз, мазкур муолажадан сўнг у сизда пайдо бўлиши ёки бор бўлса, кучайиши мумкин. 

Татуажда асбоб-ускуналарни нотўғри стериллаш, сифатсиз бўёқ ва мутахассис тажрибасининг етишмаслиги бундай пардознинг хавфли салбий оқибатларидан ҳисобланади. Хавфли томони амалиёт юзнинг асаб томирларига жароҳат етказиши, агар асбоблар бир марталик бўлмаса ва яхши стерилланмаган бўлса гепатит, ОИТС ва бошқа касалликлар юқиши эҳтимоли бор.

Бошқа янгиликлар