АсосийMoziydan sado

Сиз Жалолиддин Мангуберди ҳақида биласизми?

'Сиз Жалолиддин Мангуберди ҳақида биласизми?'ning rasmi

Жалолиддин Мангуберди 1198 йилда таваллуд топган бўлиб, сўнгги хоразмшоҳ ҳисобланади. Унинг отаси хоразмшоҳлар мамлакати ҳукмдори Султон Аловуддин Муҳаммад бўлган.

Жалолиддин ҳарбий муҳитда улғайган ва жанг санъатини эрта ўзлаштиради. Ғазна (ҳозирги Афғонистон) унинг қарамоғида бўлишига қарамай, отаси фитналардан сақланиб, ўғлини ўзини олдида Гурганжда ушлаб туради. Аммо, ёш Жалолиддин душманлар билан тинимсиз жанглар бўлиб ўтувчи чегарага чиқишга ҳаракат қиларди.

Чингизхоннинг режалаштирган босқинидан хабардор бўлиб, Жалолиддин отасидан қўшинини Сирдарёга қўйиб, душманни ўша ерда кутиб олишини сўрайди, лекин отаси ҳимоя деворлари ва қалъаси душманни мамлакатга қўймаслигига амин бўлади ва қўшин тўпламасликка қарор қилади. Мўғуллар шаҳарни шиддат билан босиб олади. Аввалига, 1220 йил Бухоро, кейин Самарқанд ўраб олинади. Жиддий хасталанган Муҳаммад Каспийга қочади. Учта ўғлини тўплайди, Жалолиддиннинг белига ўз шамширини осиб, уни тахт вориси этиб тайинлайди ва бошқа укаларини акасига итоат қилишларини ундайди. Муҳаммаднинг ўлимидан сўнг Жалолиддин тахтга ўтиради, лекин Гурганж аслзодалари янги ҳукмдорни беписанд қилиб, халқ мададидан четда қолдиришади.

Жалолиддин уч юз содиқ туркман жигитларидан иборат қўшин тўплайди ва Хуросонга йўл олади. Нисо атрофида улар етти юз кишилик мўғул қўшинини кутиб олишади ва уларни осонликча енгишади.

Жалолиддин васият қилиб қолдирилган ери томон йўл оларкан, Марв ноиби Хон Малик ва унинг қирқ минг кишилик лашкари, туркман хони Сайфиддин ва унинг қирқ минг кишилик лашкари билан иттифоқдош тутинади. Қандаҳор яқинида бирлашган лашкарлар қўшини мўғулларни йўқ қилади ва Жалолиддин Ғазнагача етиб боради. Ғазнага келибоқ, Жалолиддин тез орада, ўн минг кишилик қўшин тўплаб, Қандаҳорни қамал қилган мўғулларга қарши юриб, уни тор-мор этади. Бўлинган хоразмлик лашкарларнинг ҳарбий қўмондонлари ўз ҳукмдорининг муваффақияти ҳақида эшитиб, Ғазнага тўплана бошлайди ва тез орада, Жалолиддин кўл остида 70 мингга яқин аскар йиғилади. У билан бирга оғаси Амин ал Мулк, саркарда Темур Малик, қарлуқлар хони Аъзам Малик ва афғонлар муаллими Музаффар Маликлар ҳам келади. Чингизхон ҳали хоразмшоҳ кучидан бехабар бўлиб, унга қарши Шики Хутуху бошчилигидаги 30 минглик қўшин жўнатади.

Баҳорда Жалолиддиннинг қўшини Ғори дарёсидаги Валиан қишлоғида Шики Хутухунинг етакчи лашкарига дуч келади. Мўғул қўшини, деярли бутунлай яксон этилади: бор-йўғи юзта аскар жон сақлаб қолган. Таъкидлаб ўтиш жоиз, бу Чингизхон қўшинининг Ғарбга юриши чоғида Ўрта Осиё, Эрон ва Афғонистонда олиб борган ҳарбий ҳаракатлари давомидаги ягона йирик мағлубиятидир.

Жалолиддинга нафақат жангчилари, балки аҳолиси ҳам одил ва ҳаққоний ҳукмдор ўрнида мадад кўрсатган. Парвонадаги мағлубиятдан сўнг мўғуллар Афғонистон ҳудудини тарк этади. Уларга жавобан, Чингизхон хоразмшоҳларга қарши янги жангда иштирок этишга қарор қилади. Аммо, Жалолиддин эндигина Чингизхон билан ҳал қилувчи жангга тайёргарлик кўраётган вақт уни қўллаб-қувватловчи саркардалар орасида низо келиб чиқиб, қипчоқ, қарлуқ ва афғонлар Жалолиддинни тарк этишади.

Парвонадаги мағлубиятдан сўнг Чингизхоннинг ўзи Жалолиддинга қарши юриш қилади. Ҳал қилувчи жанг 1221 йилнинг 9 декабрь куни Синд дарёси бўйида рўй беради. Ушбу жангда Жалолиддин қўшинлари тор-мор этилади. Шундай қалтис вазиятда, Жалолиддин ўз ҳарамини дарёга чўктиришни амр этади. Сўнгра, асир тушмаслик учун тулпори билан ўзини Синд дарёсининг катта қоясига ташлайди. Афсонага кўра, Чингизхон ёш султоннинг жасоратига тан бериб, ўғилларига “Ота ўғил мана шундай бўлиши лозим”, деган экан. Чингизхонни таъқиб этиш учун Бало ноён ва Бурбон исмли туман бегилар бошчилигидаги лашкарни юборади. Бироқ Мултан шаҳригача етиб боргач, мўғуллар султон изини йўқотиб қўйишган.

1224 йилнинг бошигача Жалолиддин Ҳиндистонда яшайди, Эрон ва Месопотамияга юришга киришади. Тўрт йил давомида Жалолиддин Ҳиндистонда мўғуллар билан жанг олиб боради.

У туркманлардан иборат янги қўшин тўплайди ва Ғaрбий Эронга – Кавказга йўл олади. 1225 йил Жалолиддин жанубдан шимолий Эронга бостириб киради. Жиддий қаршиликсиз Марвни эгаллаб, Табризга йўл олади ва бу шаҳарни забт этади. 1225 йил Жалолиддин қўшини қисман Грузия ва Арманистонни эгаллайди.

Жалолиддин душманларига қарши довюрак қаршиликлар кўрсатган. 1230 йил Ироқдаги Хилот қалъаси забт этилгач, хоразмшоҳ Месопотамия ва Кичик Осиё ҳукмдорларининг иттифоқи натижасидаги ҳужумда мағлубиятга учрайди. Жалолиддин қўшинига якуний зарбани Чармағон бошчилигидаги мўғулларнинг Угедей лашкари етказади. Жалолиддин жангда оғир жароҳатланади, сўнгра у Курдистон тоғларига яширинишга ҳаракат қилади. Ўша ерда қароқчилар ҳужуми пайтида ҳалок бўлади.

Жалолиддин Мангуберди ўзбек халқининг миллий қаҳрамонлардан биридир. 1999 йили мамлакатимизда Жалолиддин таваллудининг 800 йиллиги кенг нишонланган. Ўзбекистонда унга атаб бир нечта ҳайкаллар ўрнатилган, Хоразм вилоятида Жалолиддин Мангубердига бағишланган мемориал бунёд этилган.

2000 йилнинг 30 август куни “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилди.

манба

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар