Му5
4

Мирзо Улуғбекка тегишли нефрит пиёла Британия музейида экан...

МОЗИЙДАН САДО 17.11.2019, 17:52
Теглар: Улуғбек, нефрит, Самарқанд
2132
Мирзо Улуғбекка тегишли нефрит пиёла Британия музейида экан...

Жаҳон илм фани тараққиётига юксак ҳисса қўшган Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекнинг номи ҳар биримиз учун азиз. Унинг Мовароуннаҳрдаги беқиёс бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳар биримиз кўп бора ўқиганмиз. У ҳақда қатор бадиий асарлар, фильмлар яратилган.

Ўз-ўзидан савол туғилади: бизгача буюк аждодимиз Мирзо Улуғбекка бевосита тегишли бўлган, ул зот шахсан фойдаланган бирор буюм етиб келганми? Мирзо Улуғбекнинг қўллари билан битилган қўлёзмалар мавжудми? Буюк шоҳ ва олим ўз кўзи билан кўрган нималарни биз ҳам кўра оламиз?

Албатта, Мирзо Улуғбек сизу биздек мана шу азиз ва мукаррам маконда вояга етган. Ватанининг ҳар қарич тупроғини севган, кўзига тўтиё қилган. Бугун ул зот томонидан қурилган мадрасалар Самарқанд, Бухоро, Ғиждувон шаҳарларида ҳамон савлат тўкиб турибди. Бугун Самарқандга кираверишда, Мирзо Улуғбек ёдгорлик мажмуаси қаршисидаги расадхона ҳам буюк бобокалонимиздан бизгача етиб келган қутлуғ обида саналади. Унинг зинапояларидан Улуғбек бобомиз юзлаб маротаба чиқиб тушганлар.

Бугун дунёнинг турли кутубхоналари, музейлари, таълим масканларида Мирзо Улуғбекнинг нигоҳи тушган, эҳтимол унинг қўли билан битилган нодир қўлёзмалар, буюк темурийзода ҳукмдорга тегишли шахсий буюмлар сақланаётган бўлиши мумкин.

...Дунёга машҳур Британия музейида сайёрамизнинг турли ҳудудларидан олиб келинган, бир неча минг йилликларни ўз ичига олган бу қадимий музейни йилига ўртача 6-7 миллион киши томоша қилади. Бу ерда 8 миллиондан ортиқ экспонат сақланади.

Ана шу экспонатлардан бири буюк аждодимиз Мирзо Улуғбекка тегишли яшил нефрит (яшма) тошидан ясалган №1959,1120.1 тартиб рақами остидаги косадир.

Музей сайтида берилган маълумотларга кўра, мазкур коса тахминан 1420-1449 йилллар оралиғида Самарқандда юксак маҳорат билан ишланган. Коса овалсимон кўринишга эга бўлиб, унга 200-250 мл. суюқлик жойлашади. Қадимда одамлар орасида нефритдан ясалган идишга заҳарли суюқлик солинса у парчаланиб кетиши ҳақида афсоналар юрган.

Мазкур коса ҳақида пойтахтимизда 2017 йил май ойида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар маданиятлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзусида ўтказилган 1 халқаро конгрессда Британия музейи вакиллари ҳам иштирок этишган, ушбу коса ҳақида алоҳида маъруза ҳам тингланган эди.

Британия музейи ислом коллекциялари муҳофизининг ёрдамчиси Ладан Акбарниянинг айтишича, 1959 йилда Британия музейи араб ёзувида туркий тилда буюк олим ва ҳукмдор Мирзо Улуғбек номи битилган ажойиб нефрит косага эга бўлган.

Яшил тусдаги бу косанинг дастаси Хитой мифологиясидаги аждар кўринишини эсга солади. Коса дастасининг қарама қарши тарафига кумуш билан сайқал берилган, коса учун асос бўлган нефрит тоши Шарқий Туркистоннинг Хўтан шаҳри яқинидаги Куньлунь тоғидан келтирилган бўлиши мумкин.

Мирзо Улуғбек бошқа маъданларга қараганда нефрит тошини кўпроқ ёқтирган. Чунки, Улуғбек томонидан Соҳибқирон қабри устига ўрнатилган тош ҳам нефритдан ясалган эди. Мазкур коса сангтарошлик санъатини ўрта асрларда Самарқандда тараққий этганини кўрсатади.

Коса кейинчалик Туркияга, Усмонийлар салтанатига бориб қолган. Коса қандай қилиб Истанбулга етиб келгани ҳам анча баҳсли масала. Айрим тахминларга кўра, бу қимматбаҳо идиш Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи томонидан олиб келинган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Чунки, Али Қушчи Мирзо Улуғбек учун азиз фарзанд мақомида бўлган. Улуғбекнинг ўлимидан сўнг у Истанбулга келиб, буюк устознинг илмий ишларини давом эттирган ва умрининг охиригача шу ерда яшаган. Унинг қабри ҳам шу шаҳарда. Эҳтимол, Али Қушчи устозидан ёдгор сифатида у доим сув ичишда фойдаланган косани ўзи билан олиб кетган бўлса керак. 

Косанинг баландлиги 7,3 см, узунлиги 19,5 см, эни 12,4 см.га тенг. Мазкур топилма ҳақида илк бор матбуотда инглиз олим ва мутахассислари Ральф Пиндер-Уилсон ва Уильям Уотсонлар маълумот беришган.

Мазкур нодир дурдона айни пайтга қадар дунёнинг бир қатор йирик кўргазмалари пайтида турли мамлакатларда томошабинлар эътиборига ҳавола этилган. Жумладан 2016-2017 йилларда мазкур коса Хитой, Канада. Австралия, АҚШ сингари мамлакатларнинг йирик шаҳарларида ўтказилган турли кўргазмаларда тақдим этилган.

Рустам Жабборов

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+-0.44° небольшой снег
Валюта курси
9547.05
USD -3.71
10585.77
EUR -34.68
155.06
RUB -1.53
rightuz