АсосийЖАМИЯТ

Хоразм вилоятида Президент мактаби очилди (фото)

Хоразм вилоятида Президент мактаби очилди. Жорий йилда мазкур мактабнинг 5-10 синфларига ҳ...

'Хоразм вилоятида Президент мактаби очилди  (фото)'ning rasmi

Хоразм вилоятида Президент мактаби очилди. Жорий йилда мазкур мактабнинг 5-10 синфларига ҳужжат топширган 6 минг 400 нафардан зиёд ўқувчидан 144 нафари қабул қилинди. Келаси ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили 5-синфга 24 нафар ўқувчи қабул қилинади. 

Мактаб 168 ўринли бўлиб, 2 қаватли ўқув биноси, ошхона, 3 қаватли ётоқхона, хорижлик ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона мавжуд. Ҳар бир синф хонада интерактив доска ва таблолар, Science хоналарида алоҳида лаборатория хоналари мавжуд, дея хабар беради ЎзА.

Спорт зали, сузиш ҳавзаси қурилишига ҳам инновацион ёндашилган. Айниқса, ўзида замонавий қулайликларни мужассам этган ётоқхона ўқувчиларга оила муҳитидагидек яшаш ва дарс қилиш имконини беради. Мусиқа хонасида ўғил-қизлар миллий ва хорижий чолғу асбобларидан фойдаланган ҳолда дарсларни мазмунли ўтказишади.

Мактаб кутубхонаси Кембриж, Оксфорд университетлари нашриётлари ҳамда Коллинз нашриётининг “STEAM” дастури бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалари, ўзбек ва жаҳон бадиий адабиёти намуналари билан таъминланган. Дарсликларнинг электрон шакллари ҳам мавжуд, бу ўқувчиларга улардан янада самарали фойдаланиш имконини яратади.

Президент мактабида дарслар Кембриж университети экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари асосида олиб борилади. Мактабга 11 нафар хорижий юқори малакали мутахассис ҳамда 20 нафар маҳаллий ўқитувчи жалб қилинган. Улар ҳам халқаро таълим талаблари асосида махсус имтиҳонлар орқали танлаб олинган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 20 фeвраль куни давлатимиз раҳбарининг “Прeзидeнт мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, қисқа муддатда Тошкент шаҳрида дастлабки Президент мактаби фойдаланишга топширилди, Нукус ва Наманган шаҳарларида шундай мактаблар қурилиши жадал давом этмоқда.

2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида Президент мактаблари ташкил этиш режалаштирилган.

 

    Бошқа янгиликлар