Тошкент вилояти Қибрай туманида аҳоли истеъмоли учун йўналтирилган табиий газдан тадбиркорлик субъектлари томонидан ноқонуний равишда олинаётган 20 минг куб газ тўхтатилиб, аҳолига йўналтирилди.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов раҳбарлик қилаётган ишчи гуруҳ 5 декабрь куни Қибрай туманида бўлиб, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларининг газ билан таъминланганлик ҳолати, газ тизимига ноқонуний уланишларни аниқлаш ҳамда тармоқдан узиш, мавсумий истеъмолчилар – ғишт заводлари, иссиқхоналар ва бошқа ишлаб чиқариш қувватларини муқобил иситиш тизимига ўтказиш бўйича ўрганиш ва тарғибот тадбирларини ўтказди.
Ўрганиш жараёнидан берилган маълумотларга кўра, Қибрай туманидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан бир кунда ноқонуний 20 минг куб газ сарфланмоқда. Бу миқдордаги газ айни совуқ кунларда 2 минг аҳоли хонадони эҳтиёжини таъминлашга етади.
Ишчи гуруҳ томонидан тадбиркорлик субъектларига газ тармоғига белгиланган тартибда уланиш бўйича тегишли тавсиялар берилиб, улар томонидан фойдаланиб келинаётган 20 минг куб табиий газ аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилди.
Шу куни Қибрай туманида ташкил этилган ишчи гуруҳ штабида 5 декабрь куни олиб борилган ўрганишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари, соҳа мутахассислари, туман сектор раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ишчи гуруҳ томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.