АсосийЖАМИЯТ

Наманганда Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди (фото)

Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва эътибори билан қисқа фурсатда Наманганда барпо этилган Пре...

'Наманганда Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди (фото)'ning rasmi

Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва эътибори билан қисқа фурсатда Наманганда барпо этилган Президент мактаби фойдаланишга топширилди. 

80 млрд.  сўмдан зиёд маблағ эвазига барпо этилган тараққиёт асри илм масканининг тантанали очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, устоз-муаллимлар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди. 

Президент мактабларида таълим жараёни самарали ва сифатли ташкил этилишига эришиш мақсадида Cambridge Университети экспертлари билан ҳамкорликда ўқув режалар ва дастурлар ишлаб чиқилган.

Cambridge таклиф қилаётган ўқув дастурининг асосий афзаллиги жаҳон меҳнат бозоридаги тенденциялардан келиб чиқиб, ўқувчиларда тегишли замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришга урғу беришдир. 

Шунинг ўзиёқ Президент мактаби жаҳон таълим жараёнларининг илғор усуллари ва тажрибаларини мужассам этганлигини намоён этади.

Замонавийлик, ноанъанавий усуллар, инновацион ёндашув ва илғор анъаналар Президент мактаби фаолиятининг ўзига хос мезонлари саналади.

Шу билан бирга, Наманган шаҳридаги Президент мактабига юқори малакали хорижий мутахассисларни ишга ёллаш бўйича хизмат кўрсатувчи “Teachaway” (Канада) ва “TIC Recruitment” (Буюк Британия) рекрутинг компаниялари томонидан 11 нафар чет эллик юқори малакали мутахассисларни танлаб олинди. Шунингдек, 20 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи жалб қилинди. Таълимда STEAM ёндашувига оид дарслик ва ўқув қўлланмалари Cambridge University Press, Oxford University Press ва Collins каби нуфузли нашриётлар томонидан олиб келинди.

Замонавий, муҳташам ва беқиёс имкониятларга эга Президент мактаби шу куни саралаш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган истеъдодларни ўз бағрига олди. 

144 нафар ўқувчи таҳсил оладиган Наманган шаҳридаги Президент мактаби 16 та электрон доска, 36 та компьютер тўплами, замонавий ахборот коммуникация воситалари ва компьютер технологиялари билан таъминланган. Замонавий спорт зал ва бассейн, 6000 га яқин китоб фондига эга кутубхона ўқувчилар ихтиёрида.

Шунингдек, муҳташам иншоотда чет эллик мутахассислар учун 15 ўринли шинам ва замонавий меҳмонхона ҳам мавжуд. 

Дарс жараёнлари ва машғулотлар вилоятимиздаги таълим муассасаларидан танлаб олинган энг тажрибали ва малакали ўқитувчилар билан бирга 11 нафар  чет эллик юқори малакали мутахассислар томонидан олиб борилади, дея хабар беради Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати.

Аввалроқ Хоразм вилоятида Президент мактаби фаолият бошлагани ҳақида хабар бергандик.

    Бошқа янгиликлар