Му5
3

Қонуний бузилишлар: 1 121 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланди

ЖАМИЯТ 07.12.2019, 16:45
410
Қонуний бузилишлар:   1 121 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланди

Жорий йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси биносида Тошкент вилоятининг экспорт ва инвестиция прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, уй-жойлари бузилиши муносабати билан компенсация тўловларининг тўланиши аҳволи, вилоятда хатлов натижасида аниқланган бўш бинолар ва ерга оид қонунбузилишлар бўйича танқидий руҳда йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда, экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссия аъзолари ҳамда Тошкент вилоят хокими Р.Холматов ҳамда туман-шаҳар хокимлари қатнашди.

Йиғилишда, вилоятда экспорт прогноз режасини бажарилиши аҳволи қониқарсиз ҳолатда эканлиги, бу борада ишларни жадаллаштириш ҳамда тегишли чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди. 

Жумладан, 2019 йил январь-ноябр ойларида ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 245,3 млн долларлик экспорт амалга оширилиб, прогноз (349 млн. доллар) ижроси – 70 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида Ўртачирчиқ, Оҳангарон, Чиноз, Тошкент, Оққўрғон, Юқоричирчиқ, Бекобод туманлари ҳамда Янгийўл ва Олмалиқ шаҳарларида прогноз ижроси 60 фоизга ҳам етмаган

Шу билан бирга, 2019 йил 1 декбарь ҳолатига вилоят тасарруфидаги 109 та корхоналарнинг экспорт шартномалари бўйича 40,6 млн доллар миқдорида муддати ўтган дебитор қарздорлигиюзага келган.

Бундан ташқари, йиғилишда вилоятда уй-жойлари бузилиши муносабати билан  компенсация тўловлари тўланиш аҳволи қониқарсиз аҳволда эканлиги таъкидланди. 

Шунингдек, вилоятда ўтказилган хатловларда 4 801 та бўш объектлар ҳамда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари аниқланганлиги, 869 та давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган объектлардан самарали фойдаланилишига эришилмаганлиги, 1 948 та бўш турган объектнинг кадастр ҳужжати мавжуд эмаслиги, 2 054 та объектларни ишга тушириш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмаганлиги, инвестиция лойиҳасини амалга оширмаган 996 та мулкдорга нисбатан таъсирчан солиқ чоралари қўлланилмаганлиги эътироф этилди. 

Йиғилишда, Тошкент вилоятида ерга оид бўлган қонун бузилишлар ҳолатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. 

Жумладан,  8 955 таҳолатда 1 121 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллангани, 3502 та ҳолатда 321 гектар майдонга ноқонуний қурилиш қилингани, 25 та ҳолатда 58 гектар ер майдони ноқонуний  ажратилганлиги, 38 та ҳолатда 199 гектар ер майдонидан самарасиз фойдаланилганлиги, жами 733 842 та кўчмас мулк объектларидан 142 329 таси  ёки 19 фоизида ҳуқуқий ҳужжати мавжуд эмаслиги баён қилинди. 

Мажлисда Янгийўл ва Олмалиқ шаҳар, Бекобод ҳамда Янгийўл тумани хокимларининг кун тартибидаги масалалар бўйича изоҳ ва тушунтиришлари эшитилди. 

Мажлис якуни бўйича экспорт прогноз режасини амалда бажарилишини таъминлаш, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш чораларини кескин ошириш, компенсация тўловларини ўз вақтида белгиланган тартибда тўлаш чораларини кўриш бўйича аниқ тегишли чора-тадбирлар белгиланди. 

Шарҳлар