Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда Давлатимиз Раҳбарининг маърузаси шахс, жамият ва давлат ҳаётига молик долзарб масалаларга бағишланганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Маърузада илгари сурилган устувор ғоялар ва долзарб вазифаларнинг аҳамияти ҳақида ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ўз муносабатини билдиришди:
Зафар Жуманов, Институт бошлиғининг ўринбосари, подполковник:
– Президентимиз ўз нутқида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантиришлозимлиги масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Дарҳақиқат, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сингари ички ишлар органларини ҳам халқчил давлат идорасига айлантириш ҳамда ҳар бир ходимнинг хизмат фаолиятини халқ манфаатлари йўлида сафарбар этиш долзарб аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, ўтган уч йил мобайнида мамлакатимизда Юртбошимиз ташаббуслари билан ички ишлар органлари фаолияти самадорлигини ошириш, уни мутлақо янги замонавий босқичга кўтариш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган кенг кўламли амалий ишлар рўёбга чиқарилди.
Ички ишлар органлари жазоловчи, назорат қилувчи органдан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб борадиган, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширадиган халқчил органга айланди.
Аҳоли билан доимий манзилли мулоқот ўрнатиш, фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари раҳбарларининг халқ вакиллари олдида, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди.
Давлатимиз Раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифа соҳада фаолият юритаётган ҳар бир ходимдан муаммоларни кабинетда ўтириб эмас, балки халқ орасида юриб аниқлашга ва уларнинг ечимини топишга қаратишни тақозо этади.
Шахноза Вахабова, Институт бўлим бошлиғи, подполковник:
– Маърузада аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, аёл ҳар қандай эъзоз ва эҳтиромга муносиб зот. Шу боис аёлни, онани эъзозлаган юртнинг қудрати ортиб бораверади, келажаги буюк ва нурафшон бўлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенгликни мустаҳкамлашга қаратилган қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Давлатимиз Раҳбарининг маърузасидакейинги пайтда кўплаб аёлларимиз давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, молия-банк, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳаларда масъул раҳбарлик лавозимларига кўтарилаётганликларини бежизга эътироф этилмади.
Энг аввало, меҳр-оқибатли, оқкўнгил аёлларга мутлақо ярашмайдиган салбий иллатлар, яъни, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан одам савдоси, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олишимиз, бунинг учун халқимиз орасига кириб улар билан самарали мулоқот ўрнатишимиз, опа-сингилларимизни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақида бош қотиришимизни тақозо этади.
Институтимиз жамоаси аҳоли ўртасида ўтказилаётган тарғибот ишларида, ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув йиғинларида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Улуғбек Расулев, Институт Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш кафедраси бошлиғи, полковник:
– Муҳтарам Президентимизнинг нутқида ўтган уч йилда 9 минг 692 нафар, шу жумладан бу йилда 5 минг 868 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, фуқаролик конституциявий ва маъмурий ҳуқуқ институтларидан бири бўлиб, одатда у Конституцияда ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги шахс билан давлатнинг доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди, бу алоқа уларнинг ўзаро ҳуқуқлари ва бурчларида ифодаланади.
Давлат фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларини тан олади ва кафолатлайди, чет элда ҳимоя қилади, ўз фуқароларига сайлов ва сайланиш, референдумларда иштирок этиш ҳамда давлат лавозимларини эгаллаш каби ҳуқуқларни беради. Ўз навбатида, фуқаролар давлатнинг қонунларига сўзсиз риоя қилади ва уларга тегишли бўлган мажбуриятларни бажаради.
Ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлар фуқаронинг сиёсий-ҳуқуқий мақомини, уни чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан фарқ қилишини англатади.
Азиз Тошматов, Институт катта ўқитувчиси, подполковник:
– Президентимиз ташаббуслари билан жиноят содир этганларни, жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларни афв этиши, Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани ҳамда “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик амалиётлари доирасида қуролли можаролар майдонидан асосан аёллар ва болаларни юртимизга қайтариб келингани Бош қомусимизда белгиланган бағрикенглик сиёсатининг амалий намунаси ҳисобланади.
Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни афв этиш юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатлар намоён бўлганининг амалий ифодасидир.
Шерали Анваров, Институт катта ўқитувчи-методисти, подполковник:
– Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланишига алоҳида эътибор қаратди. Бу принципни амалга ошириш учун бир қатор муҳим вазифаларни ҳал этиш зарурлигига тўхталиб, “оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси”га айланиши керак”лигини эътироф этди.
Барчамиз яхши тушунамиз, бунинг учун Матбуот хизматлари вакилларидан нафақат профессионал билим ва малака, ҳаётий тажриба, ўз сўзи учун масъулият ҳисси, айни вақтда юксак фуқаролик позицияси, маънавий жасорат ҳам талаб этилади.
Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу нутқи ва унда илгари сурилган устувор вазифалар ва ғояларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятидан келиб чиқиб, эндиликда биз халқимиз орасига кириб бориб, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш каби саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтирамиз.