Хабарингиз бор, аввалроқ Қорақалпоғистонда ноқонуний олиб кетилаётган саксовуллар ушланиб, болалар боғчасига топширилгани ҳақида хабар қилган эдик. Айни пайтда яна бир шундай ҳолат аниқланди. Бироқ бу сафар вазият бошқача тус олди.
Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани “Қойбақ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида саксовул ўғрилари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекторлари ҳамда ички ишлар ходимларига ҳужум қилди.
Бу ҳақида Қораўзак тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси 1-даражали инспектори Баҳрам Сапаев хабар берган.
– Биз навбатдаги рейдга 5 киши бўлиб чиққан эдик, – дейди Баҳрам Сапаев. – Ички ишлар бўлимидан ҳам 2 нафар ходим бор эди. Саксовул ортилган иккита УАЗ автомашинасининг изига тушдик. Автомашиналарни тўхтатиш бўйича белги бердик, лекин улар бўйсунмай қочди. Автомашиналарга давлат рақамлари тақилмаган эди. Уларни тўхтатиш учун қисқа йўлдан юриб, олдиларини тўсмоқчи бўлдик. Бир вақт улар биз минган автомашинага келиб урилди. Сўнг икки машинадан 8 нафар одам чиқиб, бизга ташланди. Бироз вақт гап уқтиришга ҳаракат қилдик, тортишишга ҳам тўғри келди. Лекин бизларнинг кучимиз етмади. Улар қочиб кетди. Қўшимча куч жалб қилиш учун масофа жуда олис ҳамда алоқа воситалари ишламас эди.
Саксовул ўғрилари Беруний тумани фуқаролари эканлиги айтилмоқда. Лекин ҳозирча расмий маълумот йўқ. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати мазкур ҳодиса ҳақида батафсил маълумот кейинроқ берилишини таъкидлаган.

Исми-шарифини айтилишини истамаган яна бир инспектор бу каби ҳолатлар кўп содир бўлаётганини маълум қилди.
– Ҳозир ноқонуний саксовул қўпорувчиларни ҳамма жойда учратиш мумкин. Уларни тўхтатиб бўлмаяпти. Биз рейдга чиқадиган бўлсак, транспортга сарф-харажатни ўз ёнимиздан тўлаймиз. Транспорт етишмайди. Қўмита бизларга ҳаттоки махсус кийим ҳам бергани йўқ. “Формани ўзларингиз тиктириб олинг”, деган оғзаки топшириқ келди. Лекин битта комплект кийимни олиш учун камида 600 минг сўм пул кетади. Яъни маошимизнинг ярми кетиб қолади. Яна ҳар рейдга чиққанда ҳамёнимиздан 300 минг сўм харажат қиламиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълумот беришича, Янги йилдан бошлаб инспекторлар транспорт ва махсус кийимлар билан таъминланади.






