АсосийЖамият

“Жамоатчилик назорати бу – халқнинг фикри билан ҳисоблашиш демак”

Аввал хабар берганимиздек, 10 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШХалқа...

'“Жамоатчилик назорати бу – халқнинг фикри билан ҳисоблашиш демак”'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, 10 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШХалқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ваБМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида Сирдарё ва Жиззах вилоятларида маҳаллий ва хорижий ОАВлари иштирокида пресс–тур ўтказилди...

Пресс–тур сафаридаги галдаги ташрифимиз доирасида Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди фаолияти билан танишдик. Бизни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров, Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди раиси Ўткир Жумаев, Иқтисодий ишлар бўйича Жиззах вилояти суди раиси Дониёрхўжа Махаматов, Маъмурий ишлар бўйича Жиззах вилояти суди раиси Асқар Мамараҳимов, Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти суди судьяси Собир Кулиев қарши олди. 

– Президентимиз бош қомусимиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида жамоатчилик назоратига эътибор қаратдилар. Шу маънода, журналистлар жамоатчилик фикрини соҳа мутахассиларига етказишда кўприк вазифасини бажаради. Афсуски, ҳамма соҳа масъуллари ҳам жамоатчилик фикрини инобатга олиб, масалага ижобий ечим бера олмайди. Суд тизимидаги ҳолат жуда қизиқ?

Холмўмин ЁДГОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари: – Инсон ҳақ–ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жойлардаги муаммолар, шу жумладан суд–ҳуқуқ тизимидаги айрим мавжуд камчиликларни кўрсатиб беришда ОАВнинг ўрни беқиёс. Тан олиб айтиш лозим, айрим ҳолатларда журналистларимиз судьяларимиз, қонун ҳимоячиларининг эътиборини маълум масалага тортяпти–ки, шундан келиб чиқиб ҳуқуқи бузилган шахсларнинг ҳолатларини ўз вақтида тўғирлашга эришдик.

Жамоатчилик назорати бу – халқнинг фикри билан ҳисоблашиш демак. Қолаверса, одамларимизни рози қилиш масаласига қаратилаётган жуда катта эътибор ҳамдир. Таъкидлаганингиздек, жамоатчиликнинг фикри асосан соҳа масъулларига журналистларимиз орқали етиб келади. Шу боис журналистлар ва судларнинг ҳамкорлигидаги иши бугунги кун учун жудаям керак. Кўп ҳолатда судда кўрилаётган ишларни оммага етказиб бера олаётганимиз йўқ. Айтайлик, бир жиноят ишини атрофлича ёритиб берилса, атрофдагилар бундан хулоса қилган бўлармиди... 

– Суд ислоҳотларининг натижаси ўзини оқлаяптими?

– Ўзбекистонда фуқаролик ва жиноят судларини бирлаштирган умумюрисдикция ва иқтисодий суд алоҳида–алоҳида фаолият юритар эди. Вақт ўтиб, шу иккита суд бирлаштирилди. Тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қиладиган, ўн тўртта вилоятда икки нафар юридик шахс, давлат ва юридик шахс ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган 14 та судимиз бор эди. Уларнинг қуйи бўғинларини ташкил қилдик. Энди 85 та иқтисодий низоларни кўрадиган туманлараро судлари ташкил этилди. Ана шу судларнинг ташкил этилгани, низоларни жойида ҳал этилаёттгани, тадбиркорланинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётганини статистик маълумотдан ҳам билиш мумкин: 9 ой давомида иқтисодий судлар томонидан 22 мингдан зиёд тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, уларнинг фойдасига 970 млрд. сўмдан зиёдроқ маблағ ундириб берилган. Бундан ташқари, суд ислоҳотларининг натижаси ўлароқ маъмурий судлар ташкил этилди. Муқаддам бундай судлар бўлмаган. Маъмурий судларни қуйи бўғинидан тортиб то юқори бўғинигача Олий судда – маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, вилоятда – маъмурий ишлар бўйича вилоят суди, туманларда эса 207 та маъмурий суд ташкил этилди. Маъмурий судларимиз томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 3 600 дан зиёд давлат ва назорат органларининг қарорлари, хатти–ҳаракатига нисбатан берилган ишлар кўриб чиқилди, муҳими улар қаноатлантирилди. 

Кейинги 3 йил мобайнида суд–ҳуқуқ тизимида суднинг мустаҳкамлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш, фаолиятини талаб даражасида йўлга қўйишга шу қадар катта эътибор берилдики, бугун судларимиз том маънода бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жиноятчига тегишли жазо бериш, бордию жиноий ҳаракат содир этмаган шахс бўлса оқлаш имкониятига эга. Кейинги йилларда 1 600 дан зиёд киши суд орқали оқланди. Барчага маълум қонун чиқарувчи, ижро органи ва суд ҳокимияти алоҳида–алоҳида фаолият юритади. Бунда суднинг ўрни шундаки, жамиятда тинчликни сақлаш, умуман ҳаммасига энг охирида қонуний баҳо берадиган бу – суд. 

Суд том маънода адолат қўрғони бўлиши керак. Судда қонун чиқарувчи, ижро этувчи орган вакили ё оддий фуқаро бўлишидан қатъий назар, масалага қонуний ечим топишимиз керак. Бунинг учун судларда барча шарт–шароитлар яртилган, етарли ҳуқуқий база бор, қонунларимизга тегишли ўзгариш ва қўшимчалар ҳам киритдик. 

– Жиззах вилояти судларида кўрилаётган ишларда журналистларнинг иштирокини ва очиқликни таъминлаш учун қандай шарт–шароитлар яратилган?

– Сирдарё вилоятида бўлганингизда таъкидланганидек, судларда электрон тизим ташкил қилинган. Бугунги кунга қадар қабул қилинган қарорлар шахссизлантирган ҳолда электрон базага киритиляпти. Қизиққан киши бемалол Олий суднинг сайтига кириб, ўзини қизиқтирган барча саволларига жавоб топиши мумкин. 

– Назарингизда журналистлар учун янада кўпроқ эркинлик яратиш учун яна нималар қилиш керак?

– Судлар, ҳуқуқшунослар ва журналистлар ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик мустаҳкам бўлса, халққа шунча катта ютуқ бўлади. Журналистларимиз ҳар бир қадамимиз, ҳар бир суд мажлислари ишини ёритиб борса мақсадга мувофиқ бўларди. Бунга биргина сабаб бор: бир кишининг хатосидан бошқалар хулоса қилиши керак. “Қандай қилиб жамиятдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишимиз мумкин?” деган ҳақли савол туғилади. Жавоб битта – фақатгина журналистлар ва ҳуқуқшуносларнинг ҳамкорлиги зўр бўлса! 

Суд мажлисларидаги ишларнинг 99 фоизи очиқ суд мажлисида кўрилади. Очиқ суд мажлисига исталган киши кириб ўтириши мумкин, шу жумладан журналист ҳам. Журналист ҳам, ҳуқушунос ҳам халққа хизмат қилади, ишимиз бир. Лекин айрим журналистларимиз “Фалон суд ишини ёритсак майлими?” деган саволига рад жавобини олаётгани учун биздан ранжиб қоляпти. Рад жавоби берилишига асос бор. Боиси бу борада тарафларнинг розилигини сўраймиз, чунки шахснинг қадр–қиммати ҳамма нарсадан устун! Уларнинг розилигини олмай туриб, суд ишини ОАВда ёритадиган бўлсак, уларга маънавий зарар етказиб қўйган бўламиз. Лекин ҳам фуқаролик, ҳам жиноят ишида иш кўрганимда журналистларни чақирдим ва ҳатто жазони ижро этиш муассасаларига ҳам олиб бордим. Бу иш тарафларнинг розилиги билан амалга оширилди, шу боис бундан ҳеч ким маънавий зарар кўргани йўқ. Судья ишини ёритиб бераётган журналистга “рахмат”, дейиши ва ҳурсанд бўлиши керак. Ишимиз қонуний бўлганидан кейин нимадан қўрқамиз? 

– Очиқ суд мажлисларида ҳам журналистлар учун чекловлар йўқ эмаску...

– Айтайлик, жиноят иши кўрилаётганда журналист суд залига ўзи билан ручка, блокнот билан кириб ўтирса, бунга ҳеч қандай монелик йўқ. Бордию, фотоаппарат, камера, диктофон билан кирмоқчи бўлса, албатта судланувчи, жабрланувчи, гувоҳдан розилик сўраймиз. Суд бу саволни жойида муҳокама қилади, улар розилик берса, судья журналистнинг фаолиятига қаршилик кўрсатмайди. Боиси судланувчи, жабрланувчининг қадр–қиммати ва гувоҳнинг хавфсизлигини масаласини ҳам унутиб қўймаслигимиз лозим. 

НИМА САБАБ АКСАРИЯТ АЁЛ СУДЬЯЛАР СОҲАСИ БЎЙИЧА ИШЛОЛМАЯПТИ?

– Жиззах вилоятидаги судларда неча нафар аёл судьялар фаолият юритади?

Ўткир ЖУМАЕВ,Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди раиси: – Судимизда бирорта аёл судья йўқ.

Асқар МАМАРАҲИМОВ,Маъмурий ишлар бўйича Жиззах вилояти суди раиси:–Бизнинг судда ҳам шундай ҳолат.

Дониёрхўжа МАХАМАТОВ,Иқтисодий ишлар бўйича Жиззах вилояти суди раиси: – Иқтисодий ишлар бўйича судда ҳам аёл судьялар йўқ.

Собир КУЛИЕВ, Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти суди судьяси:– Бизнинг судда бир нафар аёл судья бор.

– Нима сабабдан аёл судьялар йўқ?!

Холмўмин ЁДГОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари: – Сабаби шундаки, муддати тугаб бошқа ишга ўтиб кетган судьялар бор. Олий судда эса фуқаролик ишлари бўйича 20 нафар судьядан 10 нафари аёллар. Республика бўйича олсак, суд тизимида 30 фоизга яқин аёл судьялар фаолият юритади. “Нега?” деган саволингизга келсак, судьялик оғир. Айрим ҳолатда судья сифатида ишга тайинланганидан кейин ҳам “ишламайман”, деган ҳолатлар ҳам кузатиляпти. Сабаби, жиноят содир қилган шахснинг кўзига қараб, 10 йил жазо муддати бериши керак. Биламиз, аёлларимиз рахмдил. Шу боис қарор қабул қилаётган вақтида қийналади. Жиноят содир қилгани билан у шахснинг ҳам болалари бор–да. Ҳатто, жабрланувчига қўшилиб, йиғлаб ўтирган аёл судьяларни ҳам кўп кўрганман. 

“СУДЛАРИМИЗ ҚАРОР, ҲУКМ ЧИҚАРИШ ТАРАФДОРИ ЭМАС”

– Таҳририятимизга келаётган кўп сонли мурожаатлардан судларга бўлган ишонч ҳаминқадар экани аён бўлиб қолади. Шу маънода, халқнинг ишончини қозониш учун судлар томонидан қандай ишлар бажариляпти? 

Дониёрхўжа МАХАМАТОВ, Иқтисодий ишлар бўйича Жиззах вилояти суди раиси: – Судларнинг асосий вазифаси қатъий белгиланган. Яъни, ҳар бир фуқаро, хўжалик юритувчи субъектлар, корхона, ташкилотларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш. Фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича ҳар бир жабҳада судьялар ОАВ орқали очиқ мулоқот, сайёр суд мажлисларини ўтказяпмиз. 

Масалан, бугунги кунда иқтисодий судларда инвесторлар билан боғлиқ 70 дан ортиқ низоларни кўриб, чет эл ташкилотлари томонидан қабул қилинган қарорларни тан олиб, ижро ҳужжатларини ижрога қаратяпмиз. 

– Инвесторлар масаласида сўз очдингиз, қайси давлат инвесторларидан кўпроқ шикоят тушяпти?

– 2017 йилдан халқаро майдонга йўл очилди, инвесторлар сони ортди. Табиийки, низолар ҳам келиб чиқадиган ҳолатлар етарлича. Шартнома мажбурияти борки, низо келиб чиқиши табиий жараён. Бугунги кун амалиётидан келиб чиқсак, МДҲ давлатлари, шунингдек, Америка, Корея, Хитой инвесторлари кўпроқ мурожаат қилади. Халқаро конвенцияга кўра, икки тараф қайси давлатнинг қонуни бўйича низони ҳал этишни ўзаро белгилаб олишади. Кўпроқ ишни Ўзбекистондаги қонун бўийча ҳал қилишни тарафдори бўлишяпти. 

– Халқаро йўналишдаги низоларни ҳал қилишда қандай муқобил усулларидан фойдаланяпсизлар?

– Судгача ҳал қилиш ва судда тарафларни яраштириш, уларнинг ҳуқуқини тушунтириш орқали бевосита суд жараниёнида келишув битими туздириш усулидан фойдаланяпмиз. Қонунчилигимизда иқтисодий, фуқаролик ишлари бўйича судларда тарафларга қонуний ҳуқуқларини тушунтирган ҳолда келишув битими тузиб, ишни тугатиш нормаси бор. Иқтисодий процессуал кодексда белгиланганидек, тарафлар келишувга эришадиган бўлса иқтисодий суд ҳатто тўланадиган давлат божини ҳам ундирмайди. 

Ўткир ЖУМАЕВ, Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди раиси: – Жиноят ишлари бўйича судларимизда ҳам у қадар оғир бўлмаган жиноятлар биринчи марта содир этилган, зарар қопланган ва жабрланувчининг даъвоси йўқ бўлса, жиноят ишини тугатяпмиз. 

Жиноят кодексининг 66–моддасида бир қатор жиноятлар кўрсатилган. Шу жиноятни содир этган шахслар томонидан жиноят иши бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланган, судланувчи жабрланувчи билан ярашган бўлса, уларнинг ихтиёрий берган аризаларига кўра айблилик масаласини ҳал қилмай ишнинг тугатилиши белгиланган. 

Статистик маълумотларга келсак, 2018 йилда 327 нафар шахсга нисбатан 297 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган. 

2019 йилнинг 11 ойи давомида эса 227 нафар шахсга нисабатан 214 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Асқар МАМАРАҲИМОВ, Маъмурий ишлар бўйича Жиззах вилояти суди раиси:–Маъмурий судларда оммавий ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ, яъни ишдаги тарафлар: давлат ёки назорат органи, фуқаро ёки юридик шахс орасида низо келиб чиққанда ишни маъмурий судлар кўриб чиқади. Ҳар икки тарафга ҳуқуқини тушунтиргандан кейин давлат органи қарорни ноқонуний чиқарганини тан олиб, шу қарорини судга олиб келса, суд ишни тугатяпти.

Маъмурий судлар 2017 йил 1 июндан фаолиятини бошлаганидан буён Жиззах вилоят судларида 17 нафар судья фаолият юритиб келяпти. 2019 йилнинг 11 ойи давомида 529 та оммавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар кўрилди. Шундан 350 таси қаноатлантирилди, 110 таси рад қилинган. 

Йўл қўйилган камчиликлар учун 106 та хусусий ажрим чиқарилиб, шундан 9 та мансабдорга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.

– Кўпроқ оилавий, қарз битимлари билан боғлиқ низоларни кўрадиган Фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳам тарафларга ҳуқуқини тушунтириб, яраштирувга эришаётгани билан мақтана оладими?

Холмўмин ЁДГОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари: – Судларимиз қарор, ҳукм чиқариш тарафдори эмас, тарафлар келишса, уларни яраштириб ишни тугатишга манфаатдор. Сабаби битта – суд давлат номидан қарор, ҳукм чиқаради. Яъни, бу ҳужжат қонуний асослантирилган бўлиши керак, бунда судьянинг заммасига каттагина масъулият юкланади. 

Ярашмаган, бир–бирини кечирмагани, қонуний ҳуқуқини тан олмаганларнинг ишини эса тугатиб бўлмайди. Масалан, оғир, ўта оғир жиноят содир этган шахс жабрланувчи тараф билан келишган, жабрланувчининг даъвоси йўқ бўлса ҳам қонун бўйича ишни кўриб чиқиб, жазо тайинлайди. 

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Жиззах вилояти

    Бошқа янгиликлар