my5

Марказий Осиёда ягона бўлган Япония тадқиқотлар таҳлилий маркази очилди

СИЁСАТ 13.12.2019, 17:21
863
Марказий Осиёда ягона бўлган Япония тадқиқотлар таҳлилий маркази очилди

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган Япония тадқиқотлар таҳлилий маркази очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мутасаддилари, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ваколатхонаси, “Ўзбекистон – Япония” дўстлик жамияти вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

13.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси, мазкур университет ректори Абдужаббор Абдувоҳидов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосарининг маслаҳатчиси Суда Ацуши ушбу марказ Ўзбекистон – Япония алоқаларини барча соҳаларда чуқур таҳлил қилишга қаратилгани билан аҳамиятли эканини қайд этди. Икки давлат ўртасида ўрнатилган стратегик шериклик муносабатлари сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, инновация ва сайёҳлик йўналишлари қатори фан ва таълимда ҳам жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Президентимизнинг жорий йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу каби ишларни тизимлаштиришда дастуриламал бўлаётир.

Айни пайтда Тошкент давлат юридик университетида Нагоя университети ҳамкорлигида очилган Япон ҳуқуқини тадқиқ этиш маркази, Тошкент давлат техника университети қошидаги Ўзбекистон – Япония ёшлари инновацион маркази, Тошкент ахборот технологиялари университетида Япония кўмагида ташкил этилган Ўқув медиа-маркази фаолият кўрсатмоқда. Тошкент давлат шарқшунослик институтида японшунослик факультети иш бошлагани каби амалий ишлар келгусидаги ҳамкорликни ҳам янада мустаҳкамлайди.

6-faqat saytga.jpg

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг беш мингдан зиёд ўзбекистонлик ёш Япониянинг турли университетларида таҳсил олиб, ўз билимларини мустаҳкамлаган.

Бу жараёнларда фаол иштирок этиб келаётган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Япониянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан талабалар алмашуви дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқда, Япониядан келган таниқли мутахассислар талабаларга япон тилидан сабоқлар бермоқда.

Ушбу ижобий ишларнинг мантиқий давоми сифатида университет қошида Япония тадқиқотлари таҳлилий маркази фаолият бошлади. Бу ерда юқори малакали мутахассислар, илмий ходимлар, экспертлар гуруҳи Япония давлати ва жамиятини кенг қамровли, комплекс тарзда ўрганади. Шунингдек, ушбу мамлакатда рўй бераётган муҳим сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнлар бўйича фундаментал илмий изланишлар олиб бориш, Япониянинг халқаро майдондаги ташаббуслари, давлатлараро муносабатлари, ташқи сиёсат концепциялари, амалий саъй-ҳаракатлари, муаммо ва ечимлари тадқиқ этилади.

Марказда кунчиқар юртнинг бой тарихи, қадимий анъаналари, япон халқининг кўп асрлардан буён безавол сақланиб келаётган маданий-маънавий мероси, миллий қадриятлари, урф-одатлари чуқур ўрганилиб, мамлакатни модернизация қилишнинг ўзига хос тажрибаси пухта ўзлаштирилади. Бу ерда тақдир тақозоси билан урушдан кейинги йилларда юртимизга келиб қолган 25 мингга яқин япон билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар, мустақилликдан кейин олиб борилаётган икки томонлама муносабатлар тарихи, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама алоқаларни ўрганишга оид маълумотлар базаси жамланган.

Замонавий таҳлил марказининг очилиши университетнинг илмий салоҳияти ва имкониятлари, ёшларга дарс бериш сифатини ҳар томонлама юксалтиришга кўмаклашади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+13° дымка
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37