my5

“Вояга етмаган болалар, аёлларни турли тазйиқлардан асраш - энг асосий масаламиз” (Фото)

ЖАМИЯТ 14.12.2019, 22:46
950
“Вояга етмаган болалар, аёлларни турли тазйиқлардан асраш - энг асосий масаламиз” (Фото)

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида маҳаллий ва хорижий ОАВлари иштирокида Тойлоқ туман судида ҳам бўлдик...

— Жорий йилда республика бўйича нечта шахс оқлангани, ярашгани, муддатидан аввал озод қилингани статистикасини айта оласизми?

Холмўмин Ёдгоров, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари:

— Хизмат сафари билан жуда кўплаб давлатларнинг судларида бўлганман. Суднинг биносига кираётган вақтимизда телефон сингари барча буюмларимизни ташқарида олиб қолишган. Бу маълумотни айтишимдан мақсад, Ўзбекистонда суд жараёнини ёритиш журналистлар учун ҳам очиқ. Бугун жиноят ишлари бўйича суд мажлисида иштирок этдингиз. Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судидаги учрашувимиз давомида суддаги очиқлик масаласида гапирганимда кўзингизда “ҳаммаси қуруқ гап, амалда унинг акси-ку”, деган маънони ўқигандим. Шу боис буни амалда кўрсатганимиздан ҳурсандмиз. Бунга эса маҳкум ва маҳкумалар қарши бўлишмади, журналистларнинг суд жараёнида қатнашишига рухсат беришди.

Олиб борилган ислоҳотлар натижасида бугун барча судларимизда инсон манфаати, қонуний ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти. Жорий йилда республика бўйича 780 нафар шахс суд қарорига асосан оқланди. 6078 нафар шахсга нисабатан жабрланувчи ва судланувчи ярашганлиги учун жиноят ишлари тугатилган. 24 097 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан аввал озод қилинган. 2824 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилиниб, уларга озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Айтмоқчи бўлганим, суд халқимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини идора қилувчи идора. Суд ва судьялар эса халқнинг хизматкори.

— Одамларда “Судлар фақат жазолайди”, деб тушунча ҳам йўқ эмас...

— Ҳаммага маълум егилган бошни қилич кесмайди. Жазолашдан мақсад — ўч олиш эмас! Лекин ўта оғир жиноят содир этган шахсга жазо қўллашга мажбурмиз. Боиси яна бошқа бировга зарар етказмаслиги, моли, жони, жинсий дахлсизлигига қасд қилмаслиги ёки гиёҳванд моддаларни тарқатмаслиги тарафдоримиз. Айтайлик, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазонинг маълум қисмини ўтаганидан кейин қилган ишига пушаймон бўлиб, қилмишининг салбий оқибатларини англаб, жазони ўташ жойида яхши хулққа эга бўлиб, интизомни бузмаса нега уни озод қилмаслигимиз керак? Судлар фақат жазолайди, деб тушуниш керак эмас. Судлар жазодан озод қилади, жазо муддатини камайтиради ва жазосини енгилроғига алмаштиради ҳам. Қолаверса, Президентимиз авф сўраб мурожаат қилганларни ҳар йили авф қиляптилар.

Қонунчилигимизда жазонинг учдан бири, ярми, учдан икки қисмини ўтагандан кейин озод қилиш масаласини кўриб чиқиш нормаси бор. Масалан, бир шахсга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қонунга кўра, 1 йил жазо ўтаганидан кейин суд кўриб чиқиб, жазоси ахлоқ тузатиш ишига  ўзгартирилади. 1 йил озодликдан маҳрум қилиш муассасасида ўтирганидан кейин озодликка чиқарилади, уйига қайтади. Судланган шахс ишга жойлаштирилади. Бошқа жиноят қилмаслиги учун бу жараённи пробация хизмати доимий кузатиб боради. Аниқроғи, пробация хизмати судланган шахсни 1 ойда 3 маротаба уйига бориб текширади, яъни судланган шахснинг ҳуқуқлари чекланган бўлади. Уларни пробация хизмати назорат қилиб тургани учун эса ишлаган маошининг 20 фоизи пробация хизматига ўтади. Тўлиқ озод қилинганида эса мазкур мажбуриятдан ҳам озод бўлади.

Ушбу жазони 1 йил ўтаганидан кейин яна 1 йил жазо муддати қолади. Агар тўғри йўлга кирса, қолган 1 йилидан шартли озод қилишимиз мумкин. Бордию 1 йил давомида яна жиноят қилса, қолиб кетган 1 йил жазо муддати ҳам қўшимча равишда қўшиб берилади.      

— Судланувчини озод қилиниш жараёни қандай кечиши кўпчиликка қизиқ...

— Жазо ўталаётган жойдаги мутассаддилар — пробатция хизмати қонун бўйича муддати келганидан кейин тақдимнома билан судга мурожаат қилади. Суд тақдимномани қаноатлантириши ҳам, рад қилиши ҳам мумкин. Маълумот учун айтаман, 2 кун давомида Самарқанд вилояти бўйича юзлаб жазони ўтаётганларни шартли равишда озод қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, жазони ўташ давомида судланувчи соғлигини йўқотиши мумкин. Шунда махсус комиссия томонидан соғлигини йўқотган судланувчиларнинг маълумотлари судга тақдим қилинади ва уларнинг ҳам ҳолати кўриб чиқилади.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардим, қонунчилигимизда жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларда ярашув институти ишлаяпти. Жуда кўп давлатларнинг қонунчилигида бу тизим йўқ. Шу маънода, жабрланувчи ва судланувчи келишса, жинояти у қадар оғир бўлмаса, зарарни қопласа жиноят ишини тугатяпмиз.  

— Муомалага лаёқатсиз шахслар жиноят содир қилганида қандай йўл тутилади?

— Маълум имконияти чекланган, ақли норасо шахсларга нисбатан муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги масалани фуқаролик ишлари бўйича судлар кўриб чиқади. Агар муомалага лаёқатсиз шахс жиноят содир этса, тегишли кўрикдан ўтказилади. Унга кўра, кўрик хулоса берилгандан сўнг ўша шахсга мажбурий даволаниш қўлланилади. Ҳеч кимга сир эмас, имконияти чекланган, шахслар муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг ҳақ—ҳуқуқи ҳам доимий давлатнинг эътиборида.

Вояга етмаган болалар, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни турли тазйиқлардан асраш эса — энг асосий масаламиз.

— Судга мурожаат қилган фуқаро ҳақ—ҳуқулари борасидаги ўзига керакли маълумотни олишда қийинчиликка дуч келмаётганмикан?..

— Хабарингиз бор, миллий электрон ахборот тизимимизни яратдик. Ундан суд қарорлари, ҳуқуқий қонунларимизнинг шарҳлари каби маълумотлар ўрин олган. Суд ҳал қилувчи орган, маслаҳат бериши керак эмас. Лекин фуқаро муаммосини қандай ҳал қилиш учун мурожаат қилиши керакли, хусусан ариза тайёрлаш, қайси органга мурожаат қилиш каби масалалар тўғрисида тушунтиришлар берамиз, албатта. 

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида қисқа инфографика шаклида китоблар чоп эттирдик.

Масалан, мерос ҳақида ёзилган китобни олайлик, уни ўқиган киши бу борадаги ҳақ—ҳуқуқлари ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлади.

Яна бир мисол, фуқаролик ишлари бўйича судлар экспертиза тайинлайди. Одамлар тушунмайдиган бошқа соҳа билан боғлиқ масалада қандай экспертиза тайиланади ва қай тарзда ўтказилиши ҳақида ҳам батафсил маълумотга эга бўлиш мумкин.

Кўчмас мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ҳам алоҳида китоб чоп этилган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, ҳуқуқшуносларнинг “тили”га тушуниш қийин. Шу боис чоп этилган барча китобларимиз савол-жавоб, инфографика шаклида, муҳими содда тилда ёзилган. Қолаверса, Олий суднинг сайтида чоп эттирган барча китобларимизнинг электрон шакли ҳам жойлаштирилган.    

— Кўп ҳолларда шахснинг қадр—қиммати, шаъни нуқтаи назаридан оммага қизиқ ва жамоатчилик муҳокамасига тушган ишлар судда кўрилаётганида уни ОАВда ёритишга рухсат берилмайди. Лекин журналист ҳам ўз вазифасини бажариши керак—ку. Шу нуқтаи назардан қандайдир олтин ўрталикда топишнинг имкони борми?  

— Тўғир, жамиятдаги яхши ва ёмон ҳолатлар журналистлар томонидан оммага тақдим этилиши керак. Лекин таъкидлаганингиздек, шахснинг шаъни ва қадр—қимматини ҳам унутмаслигимиз лозим. Амалиётда бўлган ҳолатдан мисол келтирмоқчиман: бир мерос ишини кўрдим. Мерос талашаётганларнинг бари 50—60 ёшдан ошган ака—укалар. Ўзингизга маълум мазкур ишни ОАВда уларнинг исм—шарифи билан эълон қилсам, шаънига дахл қилган бўламан. Шу боис ОАВда уларни шунчаки “ака—ука мулк талашяпти, судда ака ютди”, деган мазмунда ёритдим. Мақолада аканинг “судда ютдим, лекин укамдан айрилиб қолдим. Энди ўртадаги муносабат нима бўлади?” дея ўйланганини ҳам баён қилдим. Сайтда чиққан мазкур мақолага жуда кўпчилик муносабат билдирган. Хусусан, мақолага бир қиз “бизнинг ота—онамиз ҳам худди шундай вазиятда”, дея изоҳ қилдирибди. Ҳикоя тарзида ёзилган мақолани ота—онасига ўқитса, балки хулоса чиқаришар... Шу тарзда кимларгадир фойдамиз тегиши ҳам мумкин.

Айтмоқчи бўлганим, суд ишини судланувчининг шаънига дахл қилмаган ҳолда ҳикоя тарзида, исм—шарфлар, шахсий маълумотларни кўрсатмай ҳам ёзиш мумкин. Судьялар ва журналистларнинг ҳам мақсади бир — кўрилган ишларни ОАВда ёритиш орқали бошқаларни боши берк кўчага кириб қолишининг олдини олишдир.

Олий суднинг сайтида ҳам барча маълумотлар очиқ, объектив ҳолатда ёритилади. Биргина афсус қиладиган жиҳат бу — шахснинг қадр—қиммати, шаъни масаласи борлиги учун барча маълумотни очиқ тарзда юритолмаймиз...

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туман судидаги учрашувимиз сўнгида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров маҳаллий ва хорижий журналистларга эсдалик совғаси улашди.

Фурсатдан фойдаланиб, эътибор учун ташаккур билдирамиз.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, Самарқанд вилояти

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+12° переменная облачность
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21