АсосийJamiyat

Азиз Абдуҳакимов: “Амирсой” қор сифати бўйича дунёдаги энг яхши тоғ-чанғи курортлар сафига киради

'Азиз Абдуҳакимов: “Амирсой” қор сифати бўйича дунёдаги энг яхши тоғ-чанғи курортлар сафига киради'ning rasmi

21 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Амирсой” тоғ-чанғи курортининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

“Амирсой” мажмуасини ишга тушириш учун Италия, Германия, Австрия, Аргентина, Испания ва Дания каби давлатлардан етакчи лойиҳачи компаниялар жалб этилиб, тоғ-чанғи курорти мажмуаси замонавий жаҳон стандартлари асосида қуриб битказилди. Тоғ-чанғи комплекси жойлашув жиҳатидан қулай ҳудудда ташкил этилган бўлиб, дам олиш масканининг фаолияти учун юқори сифатли асбоб-ускуналар, жиҳозлар келтирилиб ўрнатилган, бу эса, ўз навбатида,  меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулай шароит яратишга қаратилган. Ушбу лойиҳа соҳада катта тажрибага эга Aндорранинг “PGI Management” компанияси томонидан амалга оширилди.

Айтиш жоизки, инвесторларнинг 80 миллион евро маблағлари жалб этилган мазкур курорт сифати бўйича ҳамда қор сифати бўйича дунёдаги энг яхши тоғ-чанғи курортлар сафига киради”, - деди Азиз Абдуҳакимов.   

Тадбирда санъат вакиллари иштирокида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Халқ полвонларининг фольклор шоуси ҳамда Бахриддин Чустий бошчилигидаги энг таниқли ошпазлар гуруҳидан тақдим этилган “Катта палов” тадбирга миллий шукуҳ бағишлади.

“Амирсой” лойиҳаси бўйича 2018 йилдан буён 892 гектар майдонда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилиб, у 580 ўринга мўлжалланган. “Амирсой”ни қуриш ишларига энг илғор ва инновацион технологиялар жалб қилинган бўлиб, курорт лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич - 2019 йилнинг IV чорагида, иккинчи босқичи эса 2022 йилнинг III чорагида битказилиши режалаштирилган. 

Айни вақтда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, “Амирсой” дам олиш масканининг кенг жамоатчилик учун очилишга тайёр ҳолатга келтирилган. Лойиҳанинг “Ғарбий Aмирсой” деб номланган иккинчи босқичи эса 2022 йилнинг учинчи чорагида якунланиши ва ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар