ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти ахбороти Латвия ва Литва давлатларига ишга юборилган ҳамюртларимиз қийин вазиятга тушиб қолган.
Маълум қилинишича, Хусусий бандлик агентликлари томонидан Латвия ва Литвага юборилган ва қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг видеомурожаати ОАВда тарқалгани муносабати билан мамлакатимизнинг Латвиядаги Элчихонаси мазкур вазият назоратда эканлигини маълум қилади.
Айни пайтда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан биргаликда муаммонинг ечими устида иш олиб борилмоқда, дейилади расмий баёнотда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвия, Литва, Эстония, Финландия ва Норвегия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Рига шаҳридаги Элчихонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади: +371 67-32-24-24, +371 67-32-23-46.






