АсосийSiyosat

Шавкат Мирзиёев: “Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш”

'Шавкат Мирзиёев: “Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш”'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 8 январь куни Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

2020 йил 1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалиётга татбиқ этилди. Бу ислоҳотлардан асосий мақсад – жорий ва келгуси йилларда иқтисодий барқарорликни таъминлашдир. 

Йиғилишда бунинг учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бу орқали бюджет тушумларини мунтазам ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.

– Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш! Ҳар бир ҳоким бюджетга қўшимча даромадларни таъминлаши учун ўзи изланиши, тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши керак, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Жойлардаги раҳбарларнинг эскича иш услуби, энергия ресурслари истеъмоли ва тўлови бўйича ҳисоб-китоб юритиши, тадбиркорларни қийнаётган масалаларга ёндашуви танқид қилинди. Ўтган йили Мирзо Улуғбек, Ғузор ва Муборак туманларида фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлар сони ошгани кўрсатиб ўтилди. 

– Битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралиши керак, – дея таъкидлади Президент. – Иқтисодий барқарорлик асоси рақобатбардош тадбиркорларни кўпайтиришдир.

Йиғилишда жорий йил биринчи чоракда бюджетга солиқ тушумларини таъминлаш учун ҳокимлар бошчилигида, уларнинг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосарлари, молия ва солиқ идоралари томонидан амалга ошириладиган вазифалар белгилаб берилди.

Аввало, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ҳамда фаолиятини тўхтатган корхоналарни тиклашга кўмаклашиш кераклиги таъкидланди. Бунинг учун электр, газ, йўл, сув билан боғлиқ инфратузилмани яхшилаш, янгиларини барпо этиш зарур. Шу боис ҳокимиятлар томонидан ошириб бажарилган даромадлар, биринчи навбатда, ҳудудларда мавжуд инфратузилмани яхшилашга йўналтирилиши белгиланди. 

Шунингдек, тайёр инфратузилмаси бор кичик саноат зоналарининг 263 гектар майдони ва 50 мингдан зиёд объектларидан самарали фойдаланилса, кўплаб янги қувватлар ташкил этиш мумкин. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан биргаликда шу борада манзилли дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир туман кесимида ресурс солиғи тўловчиларни ҳамда уларнинг объектларини ҳисобга олиш, иш ўринлари ва тадбиркорлар фаолиятини легаллаштириш бўйича ҳам топшириқлар берди. 

    Бошқа янгиликлар