Му5
8

Афсонавий Чусовитина Токио олимпиадасидан кейин фаолиятини якунлайди, аммо...

СПОРТ 17.01.2020, 14:55
472
Афсонавий Чусовитина Токио олимпиадасидан кейин фаолиятини якунлайди, аммо...

Пойтахтимиздаги Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонасида нафақат ўзбек, балки дунё спорт гимнастикасининг тирик афсонаси бўлмиш Оксана Чусовитина иштирокида матбуот анжумани ўтказилди, дея хабар қилди Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати.

Чусовитина Токиодаги мусобақа унинг учун катта спортдаги сўнгги турнир бўлишини, шундан кейин у профессонал спортдаги фаолиятини якунлашини маълум қилди.

- Токио-2020 олимпиадасидан кейин профессионал фаолиятимни якунлайман, бироқ бу менинг спортни тарк этишимни англатмайди. Мен келгусида ўз мактабимни очиш ва йиллар давомида тўплаган бой тажрибамни ёшларга ўргатиш ниятидаман. Фурсатдан фойдаланиб, ўз мактабимни очишга яқиндан ёрдам берган Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳам миннатдорлик билдираман, - деди анжуманда Оксана Чусовитина.

Токио-2020 олимпиадасига қадар Оксана Чусовитина 7та нуфузли мусобақада иштирок этишни режалаштирган. Уларнинг дастлабкиси февраль ойида АҚШда ўтказилади. Кейин эса Жаҳон кубоги босқичлари (10-16 март, Боку, 16-22 март Доха)да иштирок этади.

- Ҳамма яхши билади – менинг асосий мақсадим Олимпиада ўйинларида шоҳсупага кўтарилиш. Бу борадаги имкониятларимга келсак, финал босқичига чиқадиган барча спортчида имконият бўлади. Мусобақада ғолиб чиқиш учун аввало ўзимдаги ҳаяжонни енгишим талаб этилади. Қолганини вақт кўрсатади, - деди Оксана бўлажак Олимпия ўйинларидаги имкониятлари борасида тўхталиб.

Шунингдек, спортимиз фахри тадбирда журналистларни яна бир ажойиб янгиликдан воқиф қилди. Гап шундаки, Оксана фаолиятини якунлагач, 2020 йил 14 ноябрь куни “Ҳумо Арена” кўп тармоқли муз саройида ўзининг “Менинг йўлим” номли театрлаштирилган катта шоу-дастурини тақдим этади. Дастурда дунё таниган спорт юлдузлари ҳамда шоу-бизнес вакиллари ҳам қатнашиши режалаштирилган.

- Шоу-дастур устида ҳозирдан катта жамоа ишламоқда. Ушбу дастур учун чиқарилган чипталарни аввало болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига тарқатамиз. Мақсадимиз – бу дастур улар учун ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтасин, - деб таъкидлади Чусовитина.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+10° туман
Валюта курси
9526.28
USD -2.21
10329.35
EUR 10
148.82
RUB -1.25
rightuz