Тошкент шаҳар М.Улуғбек туманида жорий йилнинг 18 январь куни соат 11:25 ларда, ТХАЙ - Дурмон йўли кўчалари чорраҳасида, 1993 йилда туғилган Сурхондарё вилояти Термиз туманида рўйхатда турувчи, ҳеч қаерда ишламайдиган, ҳайдовчи Д.Ш. “Спарк” автомобилида тўхташ тўғрисидаги ишора берган ЙПХ инспекторни уриб юбориб воқеа жойидан яширинган.
Натижада инспектор Ў.Қўчқоров олган тан жароҳати туфайли ИИВ Марказий госпиталига ётқизилган.
Ҳайдовчига тўхташ ишораси даставвал хавфсизлик камарини тақмасдан бошқариб кетаётганлиги сабабли ЙПХБ инспектори Б.Султонов томонидан берилган. Ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан уриб юбориб, воқеа жойидан кетиб қолиб, кейинги Зиёлилар - Т.Малик кўчалари чоррахасида уни тўхтатиш мақсадида олдига чиққан ЙПХБ инспектори Ў.Қўчқоровнинг ҳам қонуний талабларига бўйсунмасдан, автомобилнинг ўнг олди томони билан инспекторни уриб юбориб воқеа жойидан яширинган.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида ҳайдовчи Д.Ш. ушланган. Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт) бўлмаган.
Ҳозирда прокуратура идоралари томонидан терговолди текширув-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати.