1941-1945 йилларда уруш ва меҳнат фронтида хизмат қилган фахрийларининг мамлакатдаги санаторияларда даволаниши бепул қилиб қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг матбуот хизмати хабар қилган, деб ёзади kun.uz нашри.
Уруш ва меҳнат фахрийларига санаториялар учун йўлланмалар шу йилнинг 1 мартидан тегишли туманларда аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоя бўйича марказлар томонидан берила бошланади.
Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалар федерацияси кенгаши ва “Нуроний” жамғармаси фахрийлар учун бепул хизмат қиладиган 37 санаторияни аниқлаб олишган.
Бу санаторияларнинг тўлиқ жадвали сайтида маълум қилинган бўлиб, унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 12 санатория, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятидаги 5та санатория, Қашқадарё ва Сурхонндарё вилоятидаги 4та санатория, Жиззах ва Сирдарё вилоятидаги 3та санатория, Фарғона водийсидаги 10та санатория ҳамда Қорақалпоғистон ва Хоразм ҳудудидаги 3та санатория номлари қайд этилган.
Бу санаторияларда фахрийлар учун хизмат кўрсатиш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади. Шунингдек, йўлланма олган фахрийлар санаториялар ҳудудигача жамоат транспортларида боришда имтиёзлардан фойдаланишади.
Бу лойиҳага кўра, уруш ва меҳнат фахрийлари ҳар йилда бир марта санаторияларда 12 кунлик соғломлаштириш муолажаларини олишлари мумкин бўлади.