Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ” бозори ҳудудида 210 та ИП камера ва кириш ва чиқишда 3 та инсонни юзидан таниб олувчи интеллектуал камералар ўрнатилди. Бу ҳақда пойтахтнинг Бектемир туманида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Турсунов иштирокида ўтган йиғилишда айтиб ўтилган.
Йиғилишда бозор ҳудудида автомобиллар тўхташ жойини ташкил қилиш ҳақида таклиф берилган, савдо расталарида ишловчилар ва харидорлар учун муҳим эълонларни узатиб туриш учун радиоузел ҳамда жамоатчилик назорати маскани ташкил этилганига урғу берилди.
Йиғилишда яна бозор ходимлари учун махсус униформа жорий этиш, пичоқ сотиладиган расталарда қулфланадиган ойнаванд расталар барпо этиш таклифлари берилган. Бундан ташқари, умумий овқатланиш жойлари ва дорихоналарда алкоголли ва таркибида спирт бўлган маҳсулотларни сотиш устидан назоратни кучайтириш ҳам назарда тутилди. Бозор ҳудудида ва унга ёндош ҳудудларда алкоголни қуйиб сотишни тақиқлаш ҳамда бозорда юриш-туриш қоидалари баён этилган махсус буклетлар тайёрлаш ва тарқатиш, шунингдек бозор ҳудудида баннерлар ўрнатиш каби таклифлар берилган.