Мамлакатимизнинг Aқтау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси берган маълумотга кўра 2020-йил 22-январь куни Aқтобе вилояти Ирғиз тумани ҳудудида Самара-Чимкент автомобил трассасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил-автомобиль йўловчиси, Ўзбекистон фуқароси Н.С. вафот этди, дея, маълуи қилди ТИВ.
Бош консулхона вазиятни назоратга олди ва Қозоғистоннинг тегишли идоралари билан тезкор алоқа ўрнатди.
Шунингдек, Бош консулхона хабар беришича, об-ҳаво шароитининг ёмонлашгани туфайли Қозоғистоннинг 9 та вилоятида 48 та участка барча турдаги автотранспорт воситалари учун вақтинча ёпилди. 23-25-январь кунлари кучли қор ёғиши ва бўрон давом этади.
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқиналарига таъзия билдиради ва Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобил транспортининг бошқа турларида мазкур мамлакатга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий рискларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратади.
Қозоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (Нур-Султон шаҳри, Aқмўла, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қостанай ва Қарағанда вилоятлари, тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10 (Telegram, Whatsapp, Imo); Aқтау шаҳридаги Бош консулхонага (Aқтўбе, Aтирау, Ғарбий Қозоғистон ва Мангистау вилоятлари, тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51); Олмаота шаҳридаги Бош консулхонага (Олмаота шаҳри, Чимкент шаҳри, Олмаота вилояти, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари, тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.