АсосийJamiyat

Андижонда ўзини ёқиб юборган фуқаро юзасидан МИБ изоҳ берди

'Андижонда ўзини ёқиб юборган фуқаро юзасидан МИБ изоҳ берди'ning rasmi

Сал аввал, Андижонда уйдан кўчириш ҳақидаги суд қарори ижросидан норози фуқаро ўзига ўтиб қўйиб юборгани ҳақида хабар берилган эди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати бошлиғи Фаррух Тошпўлатов Андижондаги мазкур воқеа юзасидан “darakchi.uz” маълумотлар тақдим этди: 

— Бюронинг Андижон туман бўлими иш юритувидаги фуқаро З.Г. ва унинг оила аъзоларини Андижон тумани, Айрилиш МФЙда уйдан мажбурий тартибда кўчириш ҳамда даъвогар М.Б.ни ушбу уйга киритиш ҳақида ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, шу йилнинг 21 январь куни кечга яқин масъул ходимлар ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун қайд этилган манзилга чиқишган.  МИБ ходимлари, шунингдек, даъвогар ва жавобгар иштирокида далолатнома расмийлаштириш жараёнида тарафлар ўртасида келиб чиққан келишмовчилик сабаб ижро ҳаракатлари бир кун кейинга — 22 январга қолдирилади.

Шундан сўнг, МИБ ходимлари ва ижро ҳаракати учун жалб қилинган бошқа шахслар қайд этилган манзилдан чиқиб кетаётган вақтида жавобгар Х.Г. ўзига бензин сепиб, ўт қўйиб юборади. Оқибатда танасининг 45 фоизи куйиб, оғир тан жароҳат билан касалхонага тушади..

Айни пайтда ҳолат бўйича Андижон туман прокуратураси томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Воқеликнинг қисқа тафсилоти шу. Пировардида, алоҳида таъкид этамизки, МИБда суд қарорлари муҳокама этилмайди. Балки қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари ижроси таъминланиши шарт. Суд қарорлари ижросини вақтинча тўхтатишнинг қонуний тартиблари бор. Нима бўлгандаям суд қарори ижросини ўз-ўзига ўт қўйиш орқали тўхтатишга уринишни тўғри танлов эмас, деб ҳисоблаймиз.

 

 

    Бошқа янгиликлар