Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси Хубей провинциясининг Ухань шаҳрида коронавирус тарқалишига оид вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқда. Бу ҳақда ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти ахборот берди.
Расмийларга кўра, шаҳарда махсус шошилинч штаб жойлаштирилган ва 2020 йил 23 январь соат 10:00 дан бошлаб жамоат транспорти (автобуслар, метро, паромлар ва бошқалар) вақтинча тўхтатилди, аэропорт ва темир йўл станцияларидан чиқадиган рейслар бекор қилинди.
Шаҳардан чиқиш йўллари ёпилган. Шаҳарнинг барча транспорт воситалари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан назоратга олинган.
Маълумотларга кўра Ухань шаҳрида 250 нафар атрофида Ўзбекистон фуқаролари, асосан олий таълим муассасалари талабалари яшайди. Уларнинг нисбатан кўпчилиги семестр якунланганлиги сабабли ватанга қайтишган. Элчихона маълумоти бўйича ҳозирда шаҳарда 30 ортиқ Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин. Уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун «Wechat» ижтимоий тармоғида «Ухань 2020 Ўзбекистон» гуруҳи тузилди. Талабаларга хотиржамликни сақлаш, зарурий эҳтиёт ва профилактика чораларига амал қилиш кераклиги тушунтирилди, Элчихона консуллик бўлими ходимларининг телефон рақамлари берилди.
Мазкур йўналишда ишлар давом эттирилмоқда.
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +8610-6532-6305) ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.: +8621-6307-1896) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.