13

Олтин-валюта захираларимиз 2019 йил давомида 2,2 миллиард долларга ортиб, 28,6 миллиард долларга етди — Шавкат Мирзиёев

ИҚТИСОДИЁТ 24.01.2020, 11:34
629
Олтин-валюта захираларимиз 2019 йил давомида 2,2 миллиард долларга ортиб, 28,6 миллиард долларга етди — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев халқимизнинг фидокорона меҳнати билан 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да салмоқли натижаларга эришилганини таъкидлади:

"Барча соҳалардаги ижобий натижалар қаторида, инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди.

Айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан – мана шу рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман – 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди.

Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.

Мамлакатимиз илк бор халқаро кредит рейтингини олди ва жаҳон молия бозорида 1 миллиард долларлик облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг кредитга доир таваккалчилик рейтинги охирги 10 йилда биринчи марта яхшиланди.

Энергетика, нефть-газ, геология, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа қатор тармоқларда чуқур таркибий ислоҳотлар бошланди.

Саноатнинг 12 та етакчи тармоғида модернизациялаш ва рақобатдошликни кучайтириш дастурлари жадал амалга оширилмоқда.

Натижада ўтган йили иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни ташкил этди.

Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизга, экспорт – 28 фоизга кўпайди.

Олтин-валюта захираларимиз 2019 йил давомида 2,2 миллиард долларга ортиб, 28,6 миллиард долларга етди.

Қишлоқ хўжалигида фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш борасидаги ўрганиш ва изланишларимиз давом этмоқда. Соҳага илғор технологиялар ва кластер тизими жорий этилмоқда.

Тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу соҳа учун янги шароитлар яратишга, барча имкониятларимизни сафарбар этаяпмиз.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.

Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробарга камайтирилди. Натижада, расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 мингтага кўпайди.

Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Бунинг ҳисобидан ўтган йили солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 триллион сўм қолди.

Жорий йилда бу рақам 11 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Бир йилда тадбиркорлар ихтиёрида шунча маблағ қолиши, албатта уларга ўз бизнесларини ривожлантириш учун жуда катта қўшимча имкониятлар яратади.

Ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 93 мингта ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгалладик ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олдик.

Шунингдек, 86 та давлат фуқароларига визасиз ва 57 та давлат фуқароларига соддалаштирилган виза режими жорий этилиши натижасида ўтган йили юртимизга 6,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди.

Бу 2016 йилга нисбатан 4,7 миллион нафарга ёки 3,3 баробар кўп демакдир.

Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимиз натижасида, ўтган йили 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди.

Шунинг ҳисобидан фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилди.

2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, 3 та ижод мактаби иш бошлади.

Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университет филиали очилди.

Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.

Ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий этилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд аҳоли учун нафақа миқдори 2 баробар кўпайтирилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат муассасалари билан бир қаторда, хусусий тиббиёт йўналиши ҳам жадал ривожланмоқда.

Даволаш фаолияти турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилиб, қатор имтиёзлар берилгани туфайли ўтган йили 634 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди.

Бунга 6,1 триллион сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 триллион сўм кўп маблағ сарфланди.

Қишлоқ жойларида 17 минг 100 та, шаҳарларда 17 минг 600 та, жами 34 минг 700 та ёки 2016 йилга нисбатан салкам 3 баробар кўп арзон ва шинам уйлар қурилди.

Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.

Амалга ошираётган ислоҳотларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда.

Хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этди.

Берилган бундай баҳо, барчамизга чексиз ғурур, ифтихор ва куч бағишлайди, янги марраларга руҳлантиради, десам, ўйлайманки сизлар ҳам, бу фикрни қўллаб-қувватлайсизлар".

Мурожаатнома давом этмоқда.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+12° пасмурно
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62
121.10
RUB 1.11