АсосийJamiyat

МИБ Тошкентда ноқонуний ташкил этилган иссиқхоналар фаолиятига чек қўйди

'МИБ Тошкентда ноқонуний ташкил этилган иссиқхоналар фаолиятига чек қўйди'ning rasmi

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Юнусобод туман бўлими томонидан, 2019 йилнинг 1 ноябридан 31 декабрь кунига қадар, яъни икки ой давомида Юнусобод туман ҳудудида ўтказилган тезкор-қидирув мониторинг тадбирларида резина шланг ёрдамида қўлбола иситиш печини улаб, иссиқхонани иситиш мақсадида ўзбошимчалик билан табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу иссиқхоналар майдони жами 1,56 гектар майдонни ташкил қилган бўлиб, 37 та хонадонда ташкил қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати хабар берди.

Юқоридаги таҳлитда табиий газдан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари»нинг 140-банди ҳамда 2002 йил 28 мартдаги 99-сон қарори билан тасдиқланган «Газни ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш, уларни квартираларда ва якка тартибдаги уйларда ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом»нинг 44-бандига зиддир.

Қайд этилишича, қиш мавсумида ҳароратнинг пасайиши оқибатида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж кескин ортади ва айрим истеъмолчилар томонидан табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ва талон-торож қилиш ҳолатлари кўпайиши кузатилади.

Жумладан, Юнусобод тумани Хўжаобод 1-тор кўчаси 13-уйда Д.Улуғхўжаев, Аҳроробод кўчасида яшовчи З.Худайберганова, М.Алиев кўчасида яшовчи Б.Сулайманов, О.Мирҳабибов кўчасида яшовчи фуқаро С.Аъзамов, Гулистон кўчасида яшовчи З.Маҳкамов ва бошқалар томонидан ноқонуний равишда ташкил этилган иссиқхоналар аниқланиб, ушбу иссиқхоналар ишлаши натижасида 194 010 метр куб табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланилганлиги ва бунинг натижасида давлат манфаатларига 73 724 058 сўмлик моддий зарар етказилганлиги қайд этилди.

Тадбирлар давомида етказилган зарар қопланишига эришилди.

Бошқа янгиликлар