Қорақалпоқ элида тарихнинг олам-олам сирларини бағрида яшириб ётган гўшалар анчагина. Улардан бири Хўжайли тумани марказидан 5-6 чақирим масофада жойлашган Миздаҳқон тарихий ёдгорлигидир.
Минг йиллар садоси
Не-не суронларни бошидан кечирган кўҳна Миздаҳқон шаҳарчаси харобалари олисдан кўзга ташланади. Бу кўҳна ёдгорлик ўз бағрида не-не синоатларни яшириб ётибди экан? Бир пайтлар ҳаёт гуллаб яшнаган бу ҳудуд энди ҳорғин сукут измида.
Миздаҳқон ёдгорлигининг умумий майдони 250 гектарни ташкил этади. Бу ҳудудда сақланиб қолган меъморий ёдгорликларининг нисбатан янгилари ўн олтинчи асрда бунёд этилган бўлса, энг қадимийсининг ёши 2000 йилдан ошади.
Габрқалъа бу ҳудуддаги энг қадимий ёдгорлик. Уинг тамал тоши эрамиздан аввалги тўртинчи-учинчи асрларда қўйилган. Айни пайтда бу қалъанинг харобаларигина бизгача етиб келган.
Тарихчиларнинг фикрича бу қалъашаҳар ҳокимнинг қароргоҳи саналган. Бу ерда олиб борилган археологик қазилмалар жараёнида кўплаб уй-рўзғор буюмлари, қурол-аслаҳалар, шунингдек инсон суяклари сақланадиган оссуарий – остадонлар топилган. Маълумки, зардўштийлар ақидасига кўра, инсон ўлимидан унинг жасади махсус минораларда қузғунларга ем қилинган, суяклари эса, махсус идишларда ертўлаларда сақланган.
Габрқалъа номи ҳам кейинчалик ислом тамаддуни пайтида қўйилган бўлиши мумкин. Чунки, габр сўзи ғайридин, маъжусий деган маънони билдиради.
Фожиавий муҳаббат қиссаси
Миздаҳқон мажмуси таркибидаги шарқий тепаликдан жой олган бу мақбара милодий Х11-Х111 асрларга мансуб. Бу ерда ҳукмдор Мазлумхоннингқизи дафн этилган.
Ривоятларга кўра, қиз ҳаддан ташқари гўзал бўлган ва унинг таърифи етти иқлимга ёйилган. Не-не шаҳзодалар унинг қўлини сўраб келишган. Бироқ, малика ўзига атаб энг чиройли қаср қурган устага турмушга чиқишини билдирган. Бир уста бир кечада маликага атаб баланд минорани қуриб битказади. Бироқ, хон ўз қизини оддий устага беришни истамайди. Бироқ, қиз ҳам устага кўнгил қўйиб бўлган эди.
Малика билан бирга бўлолмаслигини билган уста ўзи қурган миноарнинг тепасига чиқиб, ўзини пастга ташлайди. Буни кўрган малика ҳам йигитнинг ортидан ўз жонига қасд қилади. Икки ёшнинг умрига зомин бўлганини англаган хон минорани бузиб ташлаб, унинг ўрнига мақбара бунёд қилишни буюради.
Мақбара ичидан иккита дахма ўрин олган. Бу қабрлар чиндан ҳам уста ва маликага тегишлими-йўқми бу ҳақда аниқ маълумотлар йўқ. Мақбаранинг қадимий деворлари бу сирларни ўз бағрида яшириб ётибди.
Шамъуни Наби ким бўлган
Миздаҳқон ҳудудидаги диққатга сазовор обидалардан яна бири Шамъун Наби мақбараси ҳисобланади. Айтишларича, Шамъун Набий жуда катта мўъжизалар яратишга қодир шахс бўлган. У турли касалликларни даволай олган, ёмғир чақириш сирларини билган, ҳатто жониворлар билан тиллаша олган эмиш. Унинг мақбараси XVIII асрда, кўҳна харобалар устида қайта қад ростлаган.
Мақбара ичидаги қабрнинг одатдагидан анча катталиги эътиборингизни тортади. Айтишларича, у жуда баланд бўйли ва девқомат киши бўлган. Бошқа ривотяга кўра, бу ерда фақат унинг тиззаларидан юқори қисми кўмилган эмиш. Бунинг сабаблари ҳам ноаён. Бироқ, археологик қазилмалар пайтимда мақбара остидан ҳеч қандай инсон қолдиқлари топилмаган. Эҳтимол бу сағана ҳам кўпгина ёдгорликлар қатори рамзий зиёратгоҳ бўлиши ҳам мумкин.
Жўмард қассобнинг ҳиммати
Мажмуа таркибидаги обидалардан яна бири Жўмард қассоб мақбарасидир. Маҳаллий аҳолининг фкирича бу обида ғайритабиий кучга эга. Бу зиёратгоҳга ким қайси умид билан келса, қайси ҳожати раво бўлишини истаса, барча дуолари ижобат бўлар эмиш.
Маҳаллий афсоналарнинг яна бирига кўра, Жўмард қассоб чорвадорлар ва қассобларнинг пири бўлган. Қурғоқчилик сабабли шаҳар аҳолиси танг аҳволга қолганида у ўз ҳисобидан одамларни гўшт билан таъминлаган экан Зеро жўманрд сўзи ҳам жавонмард сўзининг қисқартма шакли бўли, олижаноб, мард инсон деган маъноини билдиради. Бошўқа тарихчилар эса, унинг номини янаям Зардўштийлик таълимотига кўра илк одам ҳисобланган Говмард (ҳшкиз бошли одам) номи билан боғлашади.
Бу ерда олиб борилган қазилмалар давомида Олтин Ўрда ва Хоразмшоҳлар даврига оид тарихий ёдгорликлар топилган. Миздаҳқонда шунингдек Мадаминхон, Қирқ мулла, Халифа Ражаб мақбаралари ва бошқа кўплаб ёдгорликлар ҳам борки, уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишга тўғри келади.