Бугун Алоқа ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий кенгаши масъулларининг берган маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 760-сонли қарорига асосан:
Республика Комиссисияси томонидан имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишга тавсия этиладиган номзодлар қуйидаги мезонлар асосида сараланади :
а) турар жой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган ҳамда фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган ёш оилалар (қоидага кўра, давлат мукофотлари, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиблари, нуфузли халқаро ва республика мусобақалари, танловлар ва олимпиадалар совриндорлари);
б) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида камида уч йил мобайнида фаолият олиб бораётган ижтимоий фаол ёш оилалар — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши тақдимномаси асосида;
в) фаолият юритаётган меҳнат жамоасида алоҳида намуна ва хизмат кўрсатган ёш оилаларга — давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларининг раҳбарлари тавсиясига кўра Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши тақдимномаси асосида уй-жойга номзод ёш оила сифатида ҳисобга қўйилади.
Маълумот учун, ёшлар масалалари бўйича саволлар туғилганда, таклиф ва муаммолар юзасидан Кенгашнинг 1093 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.






