Му5
8

Юклар назорати чегарада эмас, унгача ёки ичкарида амалга оширилсин — Президент топшириқ берди

СИЁСАТ 05.02.2020, 20:06
597
Юклар назорати чегарада эмас, унгача ёки ичкарида амалга оширилсин — Президент топшириқ берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни ташқи иқтисодий фаолият тизимини ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмани яхшилаш, жумладан, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, божхона постларида назоратни амалга оширадиган божхона, санитария, карантин, ветеринария ва бошқа идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш лозимлигини таъкидлаган эди.

Бу соҳада узоқ йиллардан буён самарали ишлар олиб борилмагани ташқи савдо амалиётларида муайян қийинчликлар туғдирмоқда. Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида “Халқаро савдо” йўналиши бўйича мамлакатимиз 190 та давлат орасида 152-ўринда қайд этилгани ҳам шундан далолат беради.

Йиғилишда мазкур рейтингда мамлакатимиз позициясини яхшилаш,  жаҳон тажрибаси асосида назорат идораларининг ишини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумки, кўплаб давлатларда юклар чегарага етиб келмасидан олдин улар ҳақида ахборот берилиб, юкнинг тез чиқиб кетиши таъминланади. Ўзбекистонда эса ўтган йили 416 мингта декларациядан атиги 344 таси юк чегарага келгунча расмийлаштирилган. Юк тўғрисида олдиндан маълумот бериш автомобиль транспортида 98 фоизни ташкил этса, темир йўлда умуман йўлга қўйилмаган.

Шу боис назоратни чегарада эмас, балки юклар кириб келишидан олдин ёки мамлакат ичкарисида эркин муомалага чиқарилгандан кейин амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Бугунги кунда 1 минг 836 та турдаги товар бир вақтда учта идора томонидан текширилиши, оқибатда импорт-экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш ҳафталаб чўзилаётгани танқид қилинди.

Божхона, ветеринария, карантин, санитария, стандарт, экология идоралари иш услубини ўзгартириши, уларнинг асосий вазифаси маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Товарларнинг божхона қийматини тезкор аниқлаш имконияти бўлмаганда, тадбиркор тўлов қилиб ўша заҳоти маҳсулотини олиб кетадиган, бунга аниқлик киритилганидан кейин фарқни тўлайдиган тизим жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.

Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитасига халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда янги Божхона кодексини ишлаб чиқиш, божхона органлари ташкилий тузилмаси ва маъмурчилигини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари экин майдонларига чиқиб, хорижий мамлакатларнинг кимёвий ва биологик воситаларни қўллаш бўйича талабларини деҳқонларга тушунтирадиган, амалий кўмак берадиган тузилмага айланиши кераклиги қайд этилди.

Президентимиз рақамли технологияларни жорий қилиб, инсон омилини максимал қисқартириш орқали коррупция ва ноқонуний товар айланмасига барҳам бериш зарурлигини таъкидлади.

Импорт маҳсулотларининг чегарадан то якуний истеъмолчигача бўлган ҳаракати божхона ва солиқ идоралари томонидан ягона электрон тизим орқали назорат қилиниши керак. Мисол учун, божхона декларациясини электрон ҳисоб-фактура ва онлайн назорат кассасига боғлаш орқали бу масалани ҳал этиш мумкин.

Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга рухсатнома ва лаборатория текширувлари ҳужжатларини тўлиқ рақамлаштириш, автоматлаштирилган “риск-анализ” тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда юкларни чегара пунктларидан ўтказиш вақтини қисқартириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+19° облачно с прояснениями
Валюта курси
9526.28
USD -2.21
10329.35
EUR 10
148.82
RUB -1.25
rightuz