Меҳнат мигрантлари 2019 йилда Москва бюджетига 18,4 миллиард рубль (290,7 миллион АҚШ доллари) фойда келтирди. Бу ҳақда дарё интернет нашри "ТАСС"нинг Москва иқтисодий сиёсат ва тараққиёт департаменти матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.
Маълумот ўрнида:
- 2018 йилда кўрилган даромаддан 5,2 фоизга кўпдир.
Хабарда айтилишича, 2019 йилда Москвада 463,7 мингта меҳнат патенти берилган бўлиб, 2018 йилга нисбатан 2,7 фоизга кўп. Патентларнинг ярми Ўзбекистон фуқароларига, 38 фоизи Тожикистон фуқароларига, 6 фоизи Украина фуқароларига, 3 фоизи Озарбайжон ва Молдова фуқароларига берилган.
Москва иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти бошлиғи Денис Тихоновнинг айтишича, 5 йил давомида чет эл фуқаролари Москвада ишлаш учун 2 миллиондан ортиқ патент олди ва бюджетга қарийб 77 миллиард рубль киритди. Меҳнат мигрантлари Москва бозорида алоҳида қатлам бўлиб, улар асосан пойтахтликлар қўл урмайдиган ишлар: ободонлаштириш, кўча тозалаш, юк ортиш, мардикорчилик билан шуғулланади. Патент олганларнинг барчаси тиббий кўрикдан ва рус тили бўйича имтиҳондан ўтган.