my5

Ўзбекистон “дунёда қорамолларни ўлат касаллигидан қутқарган мамлакат” мақомини олди

ЖАМИЯТ 15.02.2020, 14:06
937
Ўзбекистон “дунёда қорамолларни ўлат касаллигидан қутқарган мамлакат” мақомини олди

Асрлар давомида қорамоллар ўлати миллионлаб қорамоллар ва ёввойи ҳайвонларнинг ўлимига сабаб бўлиб, инсоният тарихида эпизоотия, эпидемия ва очарчилик каби оғир асоратларга сабаб бўлган.

Айниқса 1920 йил қорамолларнинг ўлат касаллиги кўпгина мамлакатларнинг чорвачилиги ва иқтисодиётига жуда катта талафотлар келтирди. Дунё мамлакатларида ушбу касаллик панзоотияси кузатилди.

Айнан шу касаллик билан боғлиқ асоратларни бартараф этиш ва бутун дунё биргаликда курашиш зарурати ва ғояси 1924 йилда Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти (Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти) ташкил этилишида асосий омил бўлди.

Ўтган йиллар давомида ушбу халқаро ташкилот томонидан бу касаллик билан алоҳида курашиб, 2011 йилда қорамолларнинг ўлат касаллиги дунё миқёсида бутунлай йўқ қилинганлиги расман эълон қилинди.

Қорамолларнинг ўлат касаллиги жаҳон тарихида ер юзидан бутунлай йўқ қилинган биринчи ва ягона касаллик ҳисобланади.

Бу касалликнинг бартараф қилиниши бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлиги учун ўта муҳим ва жуда катта ҳисса қўшди. Жаҳон ҳамжамияти ушбу касаллик яна қайтарилмаслиги учун бугунги кунгача биргаликда ҳаракат қилиб келмоқда.

Бундай мақсадга эришиш учун йиллар давомида кўп мамлакатлар, халқаро экспертлар биргаликда ҳаракат қилди ва миллионлаб маблағлар сарфланди.

Инсониятга катта хавф солган офат ҳақида унутмаслик, кўплаб олимларнинг умр бўйи қилган меҳнатларини хотирада сақлаш мақсадида Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти томонидан 2019 йилдан бошлаб OIE Rinderpest Challenge эълон қилинди.

Мазкур челленж қоидаларига кўра, қатнашчилар қорамолларнинг ўлат касаллигини кескин тарқалиш манбаини топишлари ва бартараф этишлари зарур бўлади.

Жорий йил 14 январдан 12 февралга қадар бутун дунё мамлакатларидан OIE Rinderpest Challenge қатнашчилари ўйиндаги кураш давомида ўлатга қандай қилиб ташхис қўйиш, қандай усулда потенциал хавфли материал билан лаборатория шароитида эҳтиёт бўлиб ишлашни ўрганиб олдилар ҳамда ўз мамлакатларига керакли баллни тўплашда ҳисса қўшдилар.

Ушбу челленж Бутунжаҳон ветеринария ташкилотининг “Ҳеч қачон ортга қайтма” (Never Turn back) компанияси доирасида ҳамда Оммавий қирғин қуроли таҳдидини камайтириш дастури кўмагида ишлаб чиқилган.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, қорамоллар ўлати йўқ қилиниши жараёнининг рамзий сифатидаги тарихий фотосуратларидан фойдаланилган.

Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти томонидан ташкил этилган халқаро OIE Rinderpest Challenge жорий йил 12 февраль куни тугатилгани расман эълон қилинди.

Тўрт ҳафта давом этган челленж курашида дунёнинг 121 давлатидан ветеринария соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ва ёш олимлар ҳамда шу йўналишда таҳсил олаётган талабалар қизғин кураш, рақобат ва баҳслар муҳитида ғолиблик учун курашди.

Челленж кураши якунида Ўзбекистон 4,1 млн. балл тўплаб, янги рекорд натижани қайд этган ҳолда, бошқа мамлакатларга имконият қолдирмай, мутлақ ғолибликни қўлга киритди.

Кучли ўнликдан қуйидаги давлатлар ўрин олди:

1 — Ўзбекистон;

2 — Ҳиндистон;

3 — Миср;

4 — Россия Федерацияси;

5 — Мексика;

6 — АҚШ;

7 — Туркия;

8 — Хитой;

9 — Кения;

10 — ЖАР;

11 — Қозоғистон.

Шунингдек, кучли ўнликда Ўзбекистонлик иштирокчилар 7 нафарни ташкил этади. Шу жумладан, Қўмитанинг Самарқанд ветеринария медицинаси институти Ветеринария профилактикаси ва даволаш факультети 4-босқич талабаси Нурмуҳаммад Нарзиев шахсий натижалар бўйича шарафли биринчи ўринни эгаллади.

Шахсий натижалар бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолиб иштирокчи жорий йил май ойида Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти халқаро ассамблеясининг 88-Бош сессиясига фахрли меҳмон сифатида расман таклиф этилади.

Қоидага кўра, ғолиб мамлакат – Ўзбекистон “дунёни қорамолларнинг ўлат касаллигидан қутқарган мамлакат ҳисобланади” ва Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти халқаро ассамблеяси 88-бош сессиясининг очилиш маросимида эътироф этилиб, Ўзбекистон делегациясига буни тасдиқловчи сертификат тақдим этилади, дея хабар беради Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+14° небольшая облачность
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37