Аввал хабар қилганимиздек, 14 февраль куни Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққан эди. Мазкур воқеага “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров ўз муносабатини билдирди.
“Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида бир гуруҳ фуқаролар томонидан амалга оширилган қўпол қонун бузилиши, жамоат тартибига путур етказиш ҳаракатлари қонунларимизга ҳам, қадриятларимизга ҳам зид бўлган жиноят сифатида баҳоланиши керак. Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатлари устуворлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлаш, турмуш шароитларини ўзгартириш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар асло мамлакатимизда қонун устуворлигини таьминлашга тўсқинлик қилмайди. Зеро қонун устувор бўлган давлатлардагина ҳалққа самарали хизмат қилиш мумкин.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ушбу жиноят очиқ тергов қилиниши ва айбдорларга кескин жазо белгиланиши керак”, деган Қодиров.
Ушбу муносабат эълон қилиниши билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин танқидига сабаб бўлди. Ўз ўрнида депутат ҳам уларнинг танқидаларига жавоб бериб бормоқда.
Маълумот учун, Алишер Қодиров 2019 йилги парламент сайловида Жиззах вилоятидаги 36-Пахтакор сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. Қодиров бир уринишда парламент депутатига айлана олмаган ягона партия етакчиси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ҳолат бўйича Бош прокуратуранинг расмий ахбороти берилган. Шунингдек, вилоят ҳокими ҳам мазкур ҳудудга бориб аҳоли билан юзлашди.