Япониянинг Йокогама портида карантинда турган Diamond Princess саёҳат кемасидаги 44 нафар АҚШ фуқаросида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда дарё интернет нашри, Юқумли касалликлар миллий институти директори Энтони Фаучига таяниб хабар берди.
Фаучининг сўзларига кўра, вирусни юқтириб олганлар Япониядаги касалхонада даволанади.
Diamond Princess саёҳат кемаси жорий йилнинг 20 январь куни Йокогамадан чиқиб, Кагосима—Гонконг—Окинава йўналишидан ўтиб, 3 февраль куни қайтиб келган. Бу вақтга келиб кемадаги бир неча киши тоби қочгани ҳақида хабар қилган ва ҳукумат бортдаги барчани текширувдан ўтказишга қарор қилган. 11 февраль куни саёҳат кемасидаги кексалар ва сурункали касалликларга эга беморларни соҳилга эвакуация қилиш бошлаган эди.
Аввалроқ Америка ҳукумати кемадаги 380 га яқин ўз фуқаросини эвакуация қилишга тайёрланаётгани ва бунинг учун Японияга иккита самолёт юборишини маълум қилганди. Маълумотларга кўра, ҳозирда Diamond Princess кемасида коронавирусни юқтириб олганлар сони 355 кишига етган.