13

Хоккей афсоналарига "Dream City" хонадонларининг калитлари топширилди

СПОРТ 17.02.2020, 19:30
502
Хоккей афсоналарига "Dream City" хонадонларининг калитлари топширилди

Сир эмаски, бугунги кунда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг турли қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу билан бирга профессионал спортдаги ғалабаларимиз салмоғини ошириш ҳам устувор вазифалардан бирига айланган. Бу жараёнда нафақат Олимпия ва миллий, балки қишки спорт турлари, хусусан хоккейни янада ривожлантириш ва оммалаштиришга жиддий аҳамият берилмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича,  шу мақсадда ўтган йили илк маротаба хоккей бўйича тарихий биринчи Ўзбекистон чемпионати зўр муваффақият билан ташкил этилди. Тошкентда “Хумо Арена” кўп тармоқли муз саройининг барпо этилиши эса ушбу спорт тури тараққиётида муҳим жараён бўлди. Жорий мавсумдан бошлаб “Хумо” хоккей клуби Олий хоккей лигаси баҳсларида иштирок этиб келмоқда. Гарчи нуфузли мусобақада ўзининг илк мавсумини ўтказаётган бўлишига қарамай пойтахт жамоаси амалда мунтазам чемпионатнинг плей-офф босқичига йўлланмани нақд қилиб қўйди.

“Ўзбекистон Республикасида қишки спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори эса мамлакатимизда қишки спорт турларини ривожлантиришда янги даврни бошлаб беради, десак муболаға бўлмайди. Мазкур қарорнинг муҳим бандларидан бири – қишки спорт турлари бўйича чет элдан таклиф қилинаётган мутахассисларнинг хизмат уйлари билан таъминланишидир. Бу эса хорижлик малакали тренер ва мутахассисларни юртимизга жалб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Дарвоқе, “Хумо Арена” кўп тармоқли муз саройининг очилиш маросимида иштирок этган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирга меҳмон сифатида ташриф буюришган россиялик хоккей юлдузларига пойтахтимиздан уй-жой беришни, токи “улар Тошкентга меҳмон бўлиб эмас, балки ўз уйига келгандек бўлишсин”, деган таклифни берганди.

Шу муносабат билан бугун пойтахтимиздаги Dream City компанияси офисида тадбир ўтказилди. Унга нафақат рус, балки дунё хоккей афсоналари ҳам таклиф этилганди. Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шароф Раҳмонов ҳам иштирок этди ва дастлабки уйнинг калитини икки карра Олимпия чемпиони, кўп карра Европа ва жаҳон чемпиони Александр Якушевга топширди.

Сўнгра Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Ҳамидуллаевич Набиев ҳам сўзга чиқиб, рус хоккейи афсоналарини яна бир бора юртимизда кўриб турганидан мамнунлигини таъкидлади. Қолаверса, бугунги маросимдан кейин бу хоккей юлдузлари юртимизга тез-тез келиб туриши ва ўз билимларини ёшлар билан ўртоқлашиши, бу эса мамлакатимизда хоккей спортининг жадал ривожланишига хизмат қилишини айтиб ўтди. Ўз навбатида Дилмурод Набиев Олимпия ўйинлари ғолиби, “Стэнли кубоги” соҳиби ва уч карра жаҳон чемпиони Валерий Каменскийга янги уйнинг калитини тақдим этди.

Шунингдек, тадбирда хоккей афсоналари Алексей Жамнов ва Виталий Прохоровларга ҳам Тошкентдаги энг кўркам уйлардан тақдим этилди. Маросимда сўзга чиққан В.Каменский бу эҳтиромдан боши кўкка етгани ва бундай воқеа унинг ҳаётида илк маротаба кузатилганини таъкидлаб, бунинг учун ҳукуматимиздан миннатдор эканини билдирди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+17° дымка
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62