АсосийJamiyat

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими мурожаатларни ҳал қилишга ваъда бериб, фуқаролардан миллионларни “шилиб” юргани фош бўлди

'Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими мурожаатларни ҳал қилишга ваъда бериб, фуқаролардан миллионларни “шилиб” юргани фош бўлди'ning rasmi

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Фарғона вилояти бўлими ходими ёрдам сўраб келган фуқароларни чув тушириб, пул ишлаб олмоқчи бўлди. Бу ҳақда ЎзА ёзди.


Инсонни бошига бирор иш тушса ёки ҳуқуқи топталса, нажоткор излашга тушади. Айниқса, бугунги кунда инсон ҳуқуқларини таъминлашда нафақат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шу билан биргаликда нодавлат ташкилотлар ҳам яқиндан кўмак бераётгани албатта, яхши. Аммо ўша идорада ишловчи ходимнинг ўзи остонасига ёрдам сўраб келган одамни лақиллатса бундан ёмони йўқ.


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Фарғона вилояти бўлимида ишловчи Қодир Одилов (исми фамилияси ўзгартирилган)га ҳам ишонч билдирилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифа ишониб топширилганди. Унинг хизмат вазифаларига фуқаролар томонидан уларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан йўлланган мурожаатларни қонун доирасида кўриб чиқиб, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тўғри йўл кўрсатиш кабилар киради. Шундай бўлсада, Қодир Одилов ўз мавқеидан ғаразли ва паст ниятларда фойдаланиб, фуқароларнинг ишончига кириб, уларни алдаб, фирибгарлик йўли билан бойлик орттиришни ўзига одат қилиб олди. 


У ўз вазифаларига киришаётган вақтда бурч ва масъулиятни унутиб, танг аҳволда қолган фуқарони жарликка улоқтиришдан тап тортмайдиган шахсга айланиб бўлган. Бу ходим бир неча бор ўзига мурожаат қилиб келган фуқароларни алдаб, уларни чув тушириб, ҳимояга, маслаҳатга муҳтож шахсларни талаб, ўзининг паст ниятларини амалга оширган. Мана сизга инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг асл қиёфаси.


Биринчи марта Қ.Одилов ўз иш юритувига келиб тушган фуқаро Ш.И.нинг турар жой билан боғлиқ муаммоси юзасидан қонуний маслаҳат сўраб ёзган мурожаатини ижобий ҳал этиб беришни айтиб, уни алдайди. Қонуний бирор ҳаракатни амалга оширмасдан Ш.И.нинг ишончига кириб, ундан турли вақтларда 4 миллион 700 минг сўм пулларни олиб ўз шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборган. Кейинчалик у бу билан кифояланмасдан фуқаро С.Б.га ногиронлик нафақасига чиқариб беришни ваъда қилиб, ундан 1 миллион 500 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Қодир Одилов ови бароридан келаётган овчидек ўз ҳаракатларини давом эттириб, фуқаро О.Ч. томонидан ёзилган мурожаатдан ҳам моддий манфаат кўзлаб, унинг ҳам ишончига кириб, гўёки ўзини мурожаат юзасидан иш олиб бораётгандай кўрсатади. Бу мурожаатчидан ҳам турли вақтларда, турли жойларда 4 миллион 100 минг сўм пулларни олган. 


Ҳар қандай ишончнинг ҳам чегараси бор, албатта. Қодир Одиловга ишонганларнинг ҳам тоқати тоқ бўлиб, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди. Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида инсон ҳуқуқлари “ҳимоячиси”нинг қилмишлари фош этилди. 
– Афсуски, орамизда ишонувчан, содда одамлар кўп, – дейди Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси Б. Ҳайдаров. – Улар фирибгарларнинг тузоғига тушиб қоляпти. Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотида ишловчи ходимнинг ҳам шундай ишга қўл урганлиги ачинарлидир. Албатта жиноятга жазо муқаррар. Очиқ суд мажлисида Қ. Одилов ва унинг жиноий шеригига оид жиноят иши кўриб чиқилди. Жиноят иши материаллари ва бошқа далилларга баҳо бериб, судланувчи ва жабрланувчилар кўрсатмаларини тинглаб, судланувчилар томонидан етказилган зарарлар тўлиқ қопланганини инобатга олиб, инсонийлик тамойилига риоя этган ҳолда уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўллашни лозим топди.

 

    Бошқа янгиликлар